Спорт | 17:18 / 28.10.2021
9056
2 дақиқада ўқилади

«Барселона»ни вақтинча бошқарадиган мураббий номи маълум қилинди

«Барселона» клуби раҳбарияти жамоанинг яқин орадаги ўйинларида клубни бошқарадиган мураббий номини эълон қилди.

Фото: FC Barcelona

Клуб расмий сайти хабарига кўра, Роналд Куман ўрнига жамоада бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб Серхи Бархуан тайинланган. Испаниялик 49 ёшли мутахассис бунгача «Барселона Б» жамоасини бошқараётган эди. 

Клуб янги бош мураббийи номини эълон қилгунга қадар, Бархуан «Барселона»да ушбу лавозимда фаолият юритади. 

Аввалроқ, «Барселона» клуби Қатарнинг «Ас-Садд» жамоаси бош мураббийи Хави билан келишувга эришгани, каталонияликлар собиқ футболчиси ноябрь ойидаги ФИФА кунларидан сўнг «Барса» бош мураббийи сифатида таништирилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Серхи Бархуан 1993-2002 йиллар давомида «Барселона» шарафини ҳимоя қилган. Каталонияликлар тарбияланувчиси бунгача «Рекреативо», «Альмерия», «Мальорка» ва Хитойнинг «Чжэцзян Гринтаун» клубини бошқарган.

Маълумот учун, «Барселона» 30 октябрь куни Ла Лига доирасида «Алавес»ни қабул қилса, 2 ноябрь куни ЕЧЛ 4-тури доирасида Киевда «Динамо»га қарши ўйнайди. Бархуан ушбу баҳсларда жамоани бошқаради.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид