Ўзбекистон | 10:05 / 29.10.2021
11851
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи доирасида учта форум ўтказилади

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов кеча Москва шаҳрида Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашувда ҳамкорлик кун тартиби, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий, техник, маданий-гуманитар соҳаларда мавжуд битимларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг Россияга бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш масаласи кўриб чиқилди. Ташриф доирасида режалаштирилган тадбирларни, хусусан, Ҳудудлараро форум, Медиа–форум ҳамда Таълим форумини ташкил этиш хусусида сўз юритилди.

Мулоқот чоғида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун янги йўналишларни қамраб олиш ва муносабатларни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Қўшма лойиҳалар портфелининг соҳавий диверсификациясини кенгайтириш ҳамда инвестициявий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга икки мамлакат хусусий компанияларини жалб этишни рағбатлантириш юзасидан қўшма тадбирлар режалаштирилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашув якунида ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган йўналишлари доирасида мувофиқлаштирилган ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Мавзуга оид