Жаҳон | 13:17 / 31.10.2021
14454
5 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқда дипломатик можаро. Саудия «Ҳизбуллоҳ» сабаб Ливанга босим қилмоқда

Фото: AP

Яқин Шарқ давлатларининг Ливанга бўлган совуқ муносабатлари кучаймоқда. Минтақанинг бир нечта давлати Ливандаги элчиларини чақириб олган. Араб оламининг гегемони Саудия Арабистони эса Ливандан ҳар қандай маҳсулот импорт қилинишига чеклов қўйди.

Шанба куни Кувайт Байрутдан ўз элчисини чақириб олди ва Ливан элчисига мамлакатни тарк этиши учун 48 соат вақт берди. Олдинроқ Саудия ва Баҳрайн ҳам худди шундай қилганди. Ливан ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасидаги бу можаро Саудия ҳамда Ливаннинг «асл бошқарувчиси» экани иддао қилинадиган «Ҳизбуллоҳ» шиалар радикал ҳаракати ўртасидаги келишмовчиликнинг навбатдаги босқичи деб қаралмоқда. Саудия ҳаракатни Эрон қўллаб-қувватлайди деб ҳисоблайди. Аммо бу гал муаммо чиндан ливанлик дипломатнинг чиқишидан кейин юзага келди.

Бағдод бозорларидан биридаги Ливан, Саудия ва Баҳрайн байроқлари Фото: AFP

Бу гал нима бўлди?

Гап шундаки, Ливан ахборот вазири Георг Кордахи Саудия бошчилигидаги араб коалициясининг Ямандаги ҳаракатлари ҳақида кескин фикрлар билдирди. Al-Jazeera телеканалига интервью берган вазир араб коалициясининг ҳаракатлари аслида ташқи зўравонлик эканини айтган. Унинг фикрича, исёнчилар деб аталаётган Ямандаги ҳусийлар аслида ўзини ҳимоя қилмоқда. Кордахининг айтишича, араб коалицияси Ямандаги ҳаракатлари давомида тинч аҳоли уйларини, қишлоқларни ҳатто тўй ва аза маросимлари вақтида ҳам тап тортмай ўққа тутмоқда. Ливан ахборот вазири 7 йилдан буён давом этаётган Ямандаги урушни мантиқсиз деб атаб, унга якун ясаш вақти келгани ҳақида гапирди.

Саудия ва БАА бу борада Ливаннинг мамлакатдаги элчиларини чақириб, изоҳ талаб қилган. Уларнинг фикрича, Ливан ахборот вазири Кордахи «Ҳизбуллоҳ» тарафдори ва ўз навбатида Ливаннинг Эрон билан яқинлашувини қўллайди.

Ливан ахборот вазири Георг Кордахи «Ҳизбуллоҳ»га яқин экани айтилади Фото: Reuters

Расмий Байрут эса бу баёнот ортидан чиқиб келган можародан хурсанд эмас, албатта. Байрут Кордахининг гаплари Ливаннинг расмий позициясини билдирмаслигини, унинг 25 октябр куни эълон қилинган интервьюси аслида август ойида (у ҳали вазир этиб тайинланмаган вақтда) ёзиб олинганини билдирган. Юзага келган можаро фонида Ливан бош вазири Нажиб Микати ахборот вазири Георг Кордахига истеъфога чиқиш ҳақида ўйлаши кераклигини айтган.

«Ҳизбуллоҳ» сабаб босим

Экспертларнинг таъкидлашича, биргина вазирнинг баёноти билан Ливанга бунчалик босим қилинмаган бўларди. Экспертларнинг фикрича, Ливанда гўёки «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг таъсири кучайиб бораётгани, айтайлик, уларга қарашли экани кўпчилик томонидан айтилган вазир араб оламини қоралаб баёнотлар бера бошлагани минтақа мамлакатларида хавотир уйғотган.

Яқин Шарқ мамлакатлари, хусусан, Саудия Ливандан ўз элчисини чақиртириб олиш орқали мамлакатни «Ҳизбуллоҳ» таъсирини камайтириш учун ҳаракат қилишга ундамоқчи. Ливандаги бир қатор ҳудудлар Эрон қўлловидаги «Ҳизбуллоҳ» шиалар ҳаракати томонидан назорат қилиниши эса сир эмас.

Жума куни Саудия Байрутдан элчисини чақириб, Ливан элчисига мамлакатни тарк этиш учун икки кун муддат берар экан Ливан билан муносабатлар совуқлашганидан афсусдалигини билдирди. Шу билан бирга «бу борада навбатдаги қадамлар ҳам ташланиши»дан огоҳлантирди. Қандай қадамлар ҳақида гап кетгани эса аниқ эмас.

Ўз навбатида Саудия элчисини чақириб олиши билан бирга Ливандан ҳар қандай маҳсулот импорти тақиқланишини эълон қилди. Бу эса Ливан иқтисодига яхшигина зарба бўлади. Масалан, 2020 йил Ливан Саудияга 200 миллион долларлик, 2019 йилда эса 282 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган.

Чуқур инқироз

Ливанда икки йилдан буён иқтисодий инқироз ҳолати кузатилмоқда. Мамлакат аҳолисининг тўртдан уч қисмига очлик хавф соляпти, миллий валюта қадрсизланиб кетган, одамларга кунига фақат бир неча соат электр энергияси берилади. Мамлакатда ишлаб чиқариш камайиб кетган, бирламчи тиббий воситалар, дори-дармон, бензин ва оддий ичимлик сув етишмовчилиги мавжуд.

Жорий йилнинг апрел ойида Саудия Арабистони Ливандан олиб кириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига чеклов қўйганди. Бунга сабаб сифатида Саудияга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан бирга наркотик моддалар ҳам олиб киришга уриниш ҳолатлари келтирилган.

Араб давлатлари лигаси минтақа давлатлари Ливан билан муносабатлар ёмонлашганидан афсусда эканини маълум қилди. «Умид қиламиз, мамлакат ҳукумати вазиятни яхшилаш учун керак ишларни амалга оширади», дейилади ташкилот баёнотида. Шунингдек, ташкилот минтақа давлатларини Ливан иқтисодиётига бу қадар жиддий зарба берадиган қарорлар қабул қилишдан тийилишга чақирган.

Мавзуга оид