11:48 / 01.11.2021
17013

“Толибон” етакчиси илк бор омма олдида чиқиш қилди

Фото: Afghan Islamic Press via AP

“Толибон”нинг олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ҳаракатга раҳбарлик қилишни бошлаганидан бери биринчи марта омма олдида кўриниш берди. У Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳридаги мадрасада нутқ сўзлади.

Охундзода “ўзининг жасур аскарлари ва шогирдлари” билан суҳбатлашиш мақсадида маҳаллий диний таълим муассасасига ташриф буюрган.

Унинг мадрасадаги нутқининг 10 дақиқалик аудиоёзуви толибларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида эълон қилинган, деб хабар берди TRT телеканали. Учрашув вақтида хавфсизлик нуқтайи назаридан, фото ва видео тасвирга олинмаган.

Охундзода ўз нутқида жангларда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирган. Толиблар раҳбари ўз нутқи давомида ҳеч қандай сиёсий баёнотлар бермаган.

Ҳозирча толиблар ташкил этган ҳукуматни ҳеч ким тан олмади. Шунга қарамай, толиблар етакчилари бошқа давлатлар вакиллари билан бир неча маротаба олий даражадаги учрашувлар ўтказган.

Айни вақтда толиблар халқаро ҳамжамият билан муносабатларни йўлга қўйишга ва Афғонистоннинг қонуний ҳукумати томонидан тан олинишига ҳаракат қилмоқда.

“Толибон”нинг аввалги етакчиси Аҳтар Мансур дрон зарбаси ёрдамида йўқ қилингандан кейин 2016 йилда унинг ўрнини Ҳайбатуллоҳ Охундзода эгаллаганди.

Top