Жаҳон | 19:51 / 07.11.2021
9147
2 дақиқада ўқилади

Ироқ бош вазирига суиқасд вақтида учта дрон қўлланган

Фото: Getty Images

Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимийга суиқасд вақтида учта дрон қўлланган. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазирлигига таяниб маҳаллий ОАВ хабар берди. 

Аввалроқ Ироқ бош вазирининг Бағдоднинг кучли ҳимояланувчи “яшил ҳудуди”да жойлашган қароргоҳига дрон ёрдамида ҳужум содир этилгани, унинг оқибатида ал-Козимийнинг бир нечта тансоқчисига жароҳат етгани маълум қилинганди.

Маълумотларга кўра, хавфсизлик кучлари дронлардан иккитасини йўқ қилишга муваффақ бўлган.

Шунингдек, қароргоҳ томида портламай қолган снаряд аниқланган. Айни вақтда сапёрлар уни хавфсизлантириш бўйича ишлар олиб бормоқда.

Ал-Козимий ҳужумдан кейин мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, босиқлик кўрсатишга чақирган.

АҚШ ушбу ҳужумни қоралаган ва уни тергов қилишда ўз ёрдамини таклиф қилган.

Ўз навбатида, Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шаҳманий ҳам ушбу ҳужумни қоралаган. У Twitter’даги саҳифасида ҳужум учун жавобгарликни “хорижий таҳлилий марказлар” зиммасига юклаган.

Ғарб ОАВнинг таъкидлашича, бош вазирга суиқасд Ироқда 10 октябрда ўтган парламент сайловларидан кейин ортаётган кескинлик ортида юз берган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид