Жаҳон | 23:12 / 08.11.2021
7250
2 дақиқада ўқилади

Биринчи марта хитойлик аёл фазогир очиқ коинотга чиқди

Хитойлик аёл фазогир Ван Япинг очиқ коинотга чиққан биринчи хитойлик аёл бўлди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: STR / AFP

Хитойнинг бошқарилувчи космонавтика дастури девонхонасида маълум қилинишича, 7 ноябрда “Тяньгун” коинот станцияси экипажи очиқ коинотга чиқди. Фазогирлар станция ташқарисида 6,5 соат бўлишган ва бу вақт ичида ўз олдиларига қўйилган барча вазифани бажаришган.

Ван Япинг очиқ коинотга экипаж сардори Чжай Чжиган билан бирга чиққан. Эътиборлиси, айнан Чжиган 13 йил аввал очиқ коинотга чиққан биринчи хитойлик фазогир бўлган. Бу унинг очиқ коинотга иккинчи чиқиши ҳисобланади.

Экипажнинг учинчи аъзоси Е Гуанфу бу вақтда станцияда қолган ва ҳамкасблари билан алоқа канали бўйича ўзаро ҳаракат қилган.

Фазогирлар очиқ коинотда станциянинг асосий модули “Тяньхэ”нинг роботлаштирилган манипуляторини келгусида станцияга келтириладиган “Вэньтянь” роботлаштирилган манипулятори билан алоқа қилиши учун мўлжалланган қурилмани ўрнатишган.

Станцияда ҳозирда фаолият олиб бораётган уч фазогир ҳам унга октябрда “Шэньчжоу-13” кемасида келган. Уларнинг миссияси 6 ой давом этади.

Таъкидланишича, фазогирларнинг очиқ коинотга яна чиқиши режалаштирилган. 

Хитой ўз коинот станциясини 2022 йилда қуриб битказмоқчи. Станциянинг асосий модулига яна 6 та парвозни амалга ошириш режалаштирилган. Асосий модулга яна иккита лаборатория модулини бириктириш кўзда тутилган.

“Тяньгун” станциясининг оғирлиги қуриб битказилгач, 90 тоннага яқинни ташкил қилади. У Халқаро коинот станциясидан 5 марта кичикроқ бўлади ва доимий асосда 3 фазогирни, экипажлар алмашганда эса 6 фазогирни қабул қила олади.

Станциянинг хизмат қилиш муддати 10 йилга яқинни ташкил қилади.

Тарихда очиқ коинотга чиққан биринчи аёл фазогир собиқ иттифоқ вакили Светлана Савицкая ҳисобланади. У 1984 йил 25 июлда “Салют-7” орбитал станциясининг ташқарисига чиқиб, очиқ коинотда 3 соат 35 дақиқа вақт ўтказган.

Мавзуга оид