Ўзбекистон | 20:01 / 09.11.2021
11013
7 дақиқада ўқилади

Аросатда қолган чин етим: Фарғона ҳокимлиги уни уй билан таъминлайдими?

Меҳрибонлик уйи битирувчиси, 23 ёшли Азизбек Топволдиев уй ололмай сарсон. Ҳокимлик унга ётоқхонадан хона ажратган. Президентнинг янги қарорига мувофиқ эса етим болалар янги уй билан таъминланиши керак. Азизбекнинг тақдири билан мутасаддилар қизиқмаяпти.

2021 йил 15 августдан бошлаб Ўзбекистонда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби ўрнатилди. Kun.uz аввалроқ шу мавзуда кўрсатув эълон қилган эди.

Лавҳадан сўнг бизга Фарғона вилояти Марғилон шаҳар 1-сонли меҳрибонлик уйини битирган Азизбек Топволдиевга уй берилмаётгани, унга ётоқхонадан хона ажратилгани ҳақида маълумот келиб тушди.

Kun.uz Азизбек Топволдиев билан суҳбатда бўлди.

“Сен бир ўзингсан, ётоқхонадан олиб туравер, ҳеч киминг йўқ”

— Мени меҳрибонлик уйига кичкиналигимда ташлаб кетишган, ўзим ҳам ота-онам кимлигини билмайман. Кейинчалик катта бўлганимда мени бир инспектор аёл деҳқон бозоридан топиб олганини билдим. У мени меҳрибонлик уйига ташлаб кетган. 3 йил ўтиб, ота-онам топилмагач, фамилиямни Топволдиев деб қўйишган. 20 йилча меҳрибонлик уйида яшадим, 9-синфни битирганимдан кейин коллежга олиб боришди ва мен коллеж ётоқхонасида вақтинча турдим. Уни битирганимдан кейин коллеждаги ётоқхонадан чиқиб кетиб уйга ҳаракат қилдим. Лекин менга ётоқхонадан жой беришди. Ётоқхона берилмаслиги керак деб, у ердан чиқиб кетдим. Қийналиб қолганимдан кейин, ноилож ётоқхонада яшашга мажбур бўлдим.

Қўлимда уй берилсин деган қарор бор, болалар уйидан чиққаним ва болалар уйига ташлаб кетилганим ҳақидаги далолатнома бор. Ўзим кўп ҳаракат қилдим, уй берилса керак деб. Прокуратурага борсам, улар ҳам, ўйлашимча, ҳеч кими йўқ, у ердан бу ерга сарсон қилиб юраверамиз, охири ўзи зерикиб қолади деб ўйлашган. Ниҳоят шундай ҳам бўлди, барибир уй қилиб беришмайди деб ётоқхонада қолиб кетдим.

Ҳокимиятдагилар ҳам уй қилиб берамиз дейишган, лекин уй эмас ётоқхонадан жой беришди. Бир-икки ой ичида янги қурилаётган уйлар бор, шулардан берамиз дейишганди. Майли деб, сабр қилиб ишлаб юрдим. Кейин келиб яна сўраганимда ётоқхонадан хона беришларини айтишди. Ҳокимиятдан фойда бўлмагач, қабулига ҳам кирмай қўйганман. Қабулга ёзилиб, ҳокимиятга суҳбатга келганимда: “Сен бир ўзингсан, ётоқхонадан олиб туравер, ҳеч киминг йўқ”, деб жавоб беришган.

Ётоқхонадан уй олган болалар Москвага ишлашга кетган

— Ётоқхонада иситиш тизими яхши ишламайди, канализацияси ҳам яхши тортмайди. Ётоқхонанинг муҳити менга ёмон таъсир қилади, чунки бу ерда кўп жанжаллар бўлади. Шу сабабли бу ердан чиқиб кетишни хоҳлайман.

Меҳрибонлик уйини мен билан бирга 8-9 та бола битирган. Омон деган бола бор, унинг ота-онаси бор, лекин у меҳрибонлик уйидан чиққан. Болага бир хонали уй беришган. Қандай қилиб уй олганини сўраганимда, онаси у пайтда қўлимизда бироз пул бор эди, ҳаракат қилиб олганмиз, сен ҳаракат қилиб ола олмайсан деганди.

5-6 бола уй олган, қолганларига ётоқхонадан хона беришган. Ётоқхонадан жой олганлар, иложсизликдан пул топиш мақсадида Москвага кетган…

***

Азизбек тақдим этган ҳужжатга кўра, вилоят ҳокимининг қарори билан, 2021 йил феврал ойида Вазирлар Маҳкамасининг 164-сонли қарорига мувофиқ унга 6-сонли ётоқхонадан хона ажратилган. Албатта, бу пайтда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни уй билан таъминлашга доир президент қарори ҳали қабул қилинмаган эди, демак, ҳокимлик унга Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилганидек, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум болаларга мақсадли коммунал уй-жой фондидаги уйлардан ёки вақтинча фойдаланилмаётган, давлат мулки бўлган ётоқхоналардаги, уй-жойлардаги ҳамда кўп квартирали уйлардаги бўш турган квартиралардан ажратиб бериши тўғри.

Буни биз билан суҳбатда Фарғона вилояти ҳокимлиги масъули ҳам изоҳлади.

“Фуқаро Топволдиев Азизбекка Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида дастлаб 2018 йилда Фарғона шаҳар, Фарғона кўчаси 261-сонли оилавий ётоқхонанинг 23-хонаси жиҳозлари билан бирга бириктириб берилгани аниқланди. Қўни-қўшнилардан кўп эътирозлар тушгани ва ётоқхонадан чиқиб кетиб, қайта мурожаат қилгани боис Фарғона шаҳар Фарғона кўчаси 6-уйдан, яъни бошқа оилавий ётоқхонанинг 34-хонадонидан яшаш учун шароити бўлган хона ажратиб берилган. Ҳозирда фуқаро оилавий ётоқхонада яшаш имконияти бўлмаяпти деган масала билан мурожаат қилди, лекин 2020 йил 2 августдаги ВМ 164-сонли қарорига мувофиқ, квартиралар ёки оилавий ётоқхоналардаги бўш жойлардан турар жой билан таъминлансин деб белгилангани боис, унга ётоқхонадан жой ажратилган”, – деди ҳокимлик масъули Жаҳонгир Бахтиёров.

Президент қарори қабул қилинганига икки ярим ой бўлди. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Сенат ялпи мажлисида йил охиригача 560 нафар етим болалар уй-жой билан таъминланиши кераклигини айтганди.

Халқ таълими вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, янги уйлар нафақат жорий йил меҳрибонлик уйларини битирганларга, балки аввалроқ битирган ва 23 ёшга тўлгунча навбатга қўйилган болаларга ҳам берилади.

Азизбек навбатга қўйилганми ёки йўқлиги борасида ҳокимлик масъули аниқ гап айтмади.

“Бу йигитимиз турар жой билан таъминланган. Фуқаро яшаш шароити, қўни-қўшнилар билан чиқишиши тўғри бўлмаяпти деган масалада мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Унга алоҳида квартира давлат фондида бўладиган бўлса, шаҳар ҳокимиятидаги доимий комиссия бор, унинг хулосасига асосан, уй ажратиб бериш борасида қарор қабул қилиниши мумкин”, – дейди у.

Таъкидлаш керакки, президент қарорида уй-жой билан таъминлашда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар учун ётоқхоналардан уй-жойлар ажратиш (харид қилиш) тақиқланиши назарда тутилган.

Хўш, ҳозирда ётоқхонада яшаётган Азизбек Топволдиев бош вазир ўринбосари таъкидлаган муддатгача уй-жой билан таъминланадими? У рўйхатга киритилганми ёки йўқ? Киритилмаган бўлса, биз юқорида назарда тутган қарор бандларига бу қанчалик мос келади?

Айни шу масала юзасидан вазирлик мутасаддиларидан аниқ жавоб ололмадик. Биз Халқ таълим вазирлиги, Миллий гвардия, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа масъул ташкилотлардан бу борада муносабат кутиб қоламиз.

Мадина Очилова,
Сарвар Зияев,
Kun.uz.

Мавзуга оид