23:03 / 11.11.2021
24123

Америкалик бола дунёда муддатидан энг барвақт туғилган бола деб топилди

Американинг Алабама штатида тарихдаги энг барвақт туғилган чақалоқ рўйхатга олингани маълум бўлди. Кертис Минс ўтган йили ҳомиланинг 21-ҳафтаси 1-кунида 420 грамм вазн билан туғилган.

Фото: UNIVERSITY OF ALABAMA AT BIRMINGHAM

АҚШда ҳомиладорликнинг 21-ҳафтаси 1-кунида дунёга келган Кертис Минс дунёда муддатидан энг барвақт туғилган бола деб топилди. Унинг яшаб кетиши эҳтимоли 1 фоизгагина баҳоланган.

Алабама штатида яшовчи болакай 2020 йилда дунёга келган ва ҳозир 1 ёш 4 ойлик, бироқ унинг рекорди Гиннесс рекордлар китобига эндигина киритилди. У туғилганда бор-йўғи 420 грамм келган.

Кертис бир ўзи дунёга келмаган – унинг эгизаги туғилгандан кейин бор-йўғи 1 кун яшаган.

Шифокорлар боланинг яшаб кетишини 1 фоизга баҳолашган ва шу сабабли кейин юз берган воқеаларни улар “мўъжиза” деб аташган.

Кертис дунёга келганидан 3 ой ўтиб ўпкаси сунъий шамоллатиш қурилмасидан узилган, апрел ойида эса шифохонада 275 кун ўтказгандан кейин у ердан чиқарилган.

Бу давр ичида боланинг яшаб кетишини таъминлаш бўйича катта иш амалга оширилган. Бола деярли бир йил давомида трубка орқали овқатлантирилган ва уни мустақил равишда овқатни ейишга ўргатишга тўғри келган.

Боланинг онаси Мишель Батлернинг таъкидлашича, фарзандини уйига олиб кетиш имконияти пайдо бўлиши унинг ҳаётидаги энг унутилмас лаҳза бўлган.

Болага ҳамон кислород таъминоти ва овқатланиш учун трубка талаб этилмоқда, бироқ шифокорлар унинг умумий ҳолатини ижобий баҳолашмоқда.

Муддатдан олдин туғилиш бўйича аввалги рекорд Ричард Хатчинсонга тегишли бўлиб, у Кертисдан бир ой олдингина ҳомиладорликнинг 21-ҳафтаси 2-куни дунёга келган.

Бунгача 34 йил давомида Канадада дунёга келган боланинг рекорди янгиланмай келаётганди. Бола ҳомиладорликнинг 21-ҳафтаси 5-кунида дунёга келган.

Top