Ўзбекистон | 18:32 / 12.11.2021
43383
10 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқлар блокланиши: бу инаугурация олдидан рўй бергани тасодифми?

Интернет платформаларини блоклашга бош-қош бўлганлар занжирида кимлар бор эди? 16 апрелдан кучга кирган қонун ва 2 июлдаги кўрсатма ижроси учун нега айнан президентнинг қасамёд қилиши арафасидаги кунлар “танланди”?

Фотоколлаж: Kun.uz

3 ноябрь куни яна 4 та интернет платформасининг Ўзбекистондаги фаолияти чекланди. Тармоқларнинг блокланиши ортидан 3 нафар амалдор ишдан кетди ва шу билан худди мавзу ёпилгандек.

Резонанс келтириб чиқарган воқеага пойдевор қўйган депутатларнинг сукути айниқса қизиқ. Амалда ишлашини талаб қилиш керак бўлган шунча қонун турганда, депутатлар айнан тармоқларни блоклашга оид қонун нега ижро этилмаяпти деб дод-вой қилган, ҳукумат масъулларини чақириб изоҳ талаб қилганди.

CESy86tQIC7BBty7IUUeqwjd9f84AXjl.jpg (1280×853)
Қонунчилик палатасининг ахборот технологиялари соҳасига масъул қўмитаси депутатлари онлайн видеомулоқот орқали мазкур баҳсли қонун амалда ишлашини ҳукумат вакилларидан талаб қилмоқда.
Қўмита раиси – Илҳом Абдуллаев / 2020 йил, май / Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Қизиғи шундаки, бу изоҳ талаб қилиш бундан ярим йил олдин бўлганди. Нега шунча вақт олдин кучга кирган қонун муҳим сиёсий тадбир – президент инаугурация маросимига икки кун қолганда ишлаб кетди?

Ҳамма майда деталларгача раҳбар билан келишиб ишлашга ўрганган амалдорлар бундай катта резонансга сабаб бўлиши аниқ бўлган воқеани “мустақил” ҳал қилишганми? Умуман, ҳукумат кўрсатмасига асосан “Ўзкомназорат” томонидан “бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган” бу ҳаракатлар занжирида кимлар бор эди? Ушбу мақолада шулар ҳақида сўз юритамиз.

Маълумки, Ўзбекистонда интернет платформалари фаолиятининг чекланиши “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга жорий йил январь ойида қўшилган ва 16 апрелдан қонуний кучга кирган 27-1-моддаси билан боғлиқ. Жумладан, унда шундай дейилади:

“Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт”.

Кўриб турганингиздек, қонуннинг бу моддаси мулкдор ва операторга қўйилган талабдан иборат. Ҳужжатда агар хорижий оператор талабни бажармаса, оқибати нима бўлиши ҳақида гап-сўз йўқ.

Қонуннинг баҳсли 27-1-моддаси ижроси учун Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори қабул қилинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, шу йил 29 апрель куни “Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 255-сонли қарор бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган.

Ушбу қарор билан:

  • “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом ва –
  • Низомга илова тариқасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва (ёки) операторларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритиш ва ундан чиқариш тартиби” схемаси тасдиқланган.

Низомда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларига риоя этилиши устидан давлат назорати Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрини юритиш орқали, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Энди тўғридан тўғри блоклаш жараёнини таҳлил қилиб кўрсак.

3 ноябрь куни Ўзбекистонда фаолияти чекланган 4 та ижтимоий тармоқ фақатгина ҳукумат кўрсатмасига асосан, раҳбарият билан келишмагани учун ишдан олинган “Ўзкомназорат” бошлиғи Ғолибшер Зияев “қўли билан” амалга ошмайди. Ҳарқалай, қонунчиликда шунақа.

Бунинг учун дастлаб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари бузилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида Интернетда хорижий мулкдорлар фаолиятини мониторинг қилиб боради.

Бу марказ директори ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ. Kun.uz сўровига жавобан агентлик масъули марказ директори кимлиги ёпиқ маълумот эканини билдирди. Мавзудан узоқлашмаслик учун бу марказ директорининг директори, яъни АОКА раҳбари – Асаджон Ходжаевни биз тизаётган занжирнинг биринчи ҳалқаси деб ҳисоблайверамиз.

АОКА директори Асаджон Ходжаев

Агар марказ фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг шартлари бузилганини аниқласа, 24 соат давомида соҳадаги ваколатли орган – Давлат персоналлаштириш маркази (Улуғбек Тошхўжаев)га хулоса бериш учун маълумот киритади.

Давлат персоналлаштириш маркази директори Улуғбек Тошхўжаев

ДПМ маълумотни олгандан сўнг 24 соат ичида “Ўзкомназорат” давлат инспекциясига (Ғолибшер Зияев, собиқ раҳбар) хорижий мулкдорлар томонидан Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш шартлари бузилгани юзасидан хулоса тақдим этади.

Низомда Давлат персоналлаштириш маркази (Улуғбек Тошхўжаев) ўзининг хулосасида қайси қонунчилик нормаси бузилганини кўрсатиб, реестрга киритиш ҳамда мулкдорларга нисбатан чоралар кўриш юзасидан таклиф беради.

“Ўзкомназорат” собиқ бошлиғи Ғолибшер Зияев

“Ўзкомназорат” (Ғолибшер Зияев, собиқ раҳбар) эса хулоса келиб тушган кундан бошлаб бир кун муддатда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан хорижий мулкдорга (масалан, Telegram ёки Facebook'га эгалик қилувчи компанияга) аниқ муддат белгилаган ҳолда тегишли кўрсатма бериши керак.

“Ўзкомназорат” кўрсатмада белгиланган муддатда қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этмаган мулкдор тўғрисидаги маълумотларни дастлаб Реестрга киритади. Сўнг 12 соат давомида мулкдор ёки операторнинг интернетдан фойдаланишини чеклаш бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдимнома беради.

450we050.jpg (1000×667)
Собиқ АКТ вазири Шуҳрат Содиқов

Вазирлик (Шуҳрат Содиқов, собиқ вазир) Реестрга киритилгандан сўнг 12 соат давомида хорижий мулкдор ёки операторнинг Ўзбекистонда интернетдан фойдаланишини чеклайди, яъни блоклайди.

Юқоридаги занжир – расмий бюрократик тартиб. Бироқ амалда у қанчалик ишлагани бизга қоронғи. Бу жараёнда расмий занжирда йўқ бошқа органларнинг ҳам таъсири бўлганини тахмин қилиш мумкин. Энг камида Олимжон Умаровнинг ишдан олиниши шундай хулосага етаклайди. Чунки бош вазир маслаҳатчиси − ИТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғининг ўрни расмиятчилик занжирида йўқ эди.

Олимжон Умаров, Вазирлар Маҳкамасининг IT-департаменти собиқ бошлиғи
Фото: Халқаро пресс клуб

Қонун ижроси учун нега айнан президент қасамёд қиладиган кунлар “танланди”?

Юқорида эътибор қилган бўлсангиз, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун”нинг 27-1-моддаси талаби 16 апрелдан кучга кирган. Бу талабни бузган мулкдорларни блоклаш тартиби (жараён занжири)нинг бошида АОКАнинг тегишли маркази ва Давлат персоналлаштириш маркази турибди.

Низомга илова қилинган схемада эса Марказ ва ДПМ доимий равишда хорижий мулкдор фаолияти мониторингини амалга ошириши белгиланган. Хорижий мулкдорлар эса инаугурациядан икки кун олдин эмас, жорий йил 16 апрелдан бошлаб қонун талабини бузиб келишган.

Давлат персоналлаштириш маркази реестрига киритилиб, кейин ўчириб юборилган ижтимоий тармоқлар рўйхатига назар солсак, яна ҳам қизиқ ҳолатга дуч келамиз.

“Ўзкомназорат” томонидан қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этмаган мулкдор (Telegram, Facebook, YouTube, Instagram) тўғрисидаги кўрсатма 2 июль куни киритилган. Эсингизда бўлса, айни ўша 2 июль куни Ўзбекистонда Twitter, TikTok, Skype, Вконтакте ва Wechat платформаларига кириш чекланган эди.

Лекин, “Ўзкомназорат” Telegram, Facebook, YouTube ва Instagram'ни блоклаш бўйича тақдимномани АКТ вазирлигига орадан ойлар ўтиб, президент Шавкат Мирзиёев қасамёд қилишидан 2 кун олдин юборган. Бундан келиб чиқадики, вазирликка кўрсатма беришни чўзиб юрган “Ўзкомназорат”га 2 ноябрь куни кимдир туртки бериб юборган.

Бу жараёнда, “Ўзкомназорат” Telegram ва бошқаларга кўрсатмани 2 июл куни юбориб, серверларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳақида огоҳлантирган ва Низомга асосан, бу талабни бажариш учун уларга муҳлат берган. Ва бу муҳлат 4 ой эканига ишониш қийин, чунки 2 июл куни блокланган тармоқларга берилган муҳлат ҳатто 1 ойга ҳам бормаган эди.

Реестрдан кўринишича, 2 июлда блокланган Twitter, Wechat ва Вконтакте тармоқларига серверларини Ўзбекистонга олиб келиш учун 26 кун, TikTok ва Skype'га эса бор-йўғи 16 кун вақт берилган.

3 ноябр куни блокланган 5та тармоққа юборилган кўрсатмаларда уларга қанча вақт берилгани юзасидан Kun.uz сўровига жавобан, “Ўзкомназорат” матбуот хизмати бу маълумот сир тутилишини маълум қилди.

Нима бўлганда ҳам...

Бу “ўзбошимчалик” муҳим тадбир – инаугурацияга атиги 2 кун қолганда содир этилгани жараён занжиридаги энг шубҳали жиҳат бўлиб қолмоқда.

“Ўзбошимча”лар бу ҳаракатлари ортидан мислсиз шов-шув кўтарилиши ва мамлакатнинг халқаро майдондаги имижига жиддий зиён етишини олдиндан билмаган, таҳлил қилмаган деб ўйлайсизми?

Бу ҳақда билмасликнинг ва оқибатларини олдиндан чамалаб кўрмасликнинг имкони йўқ. Баски шундай экан, “тўполон”лардан кейин лавозимларидан айрилган учовлон бундай оламшумул ишга ўзлари қодир эди, деб ҳисобласа бўладими?

Кўриб турганимиздек, саволлар ва идрокимиз воқеалар занжирида яна бошқа одамлар, таъбир жоиз бўлса ҳал қилувчи шахс(лар) бўлган деган хулосага етаклайверади.

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид