Жаҳон | 12:08 / 13.11.2021
53494
5 дақиқада ўқилади

«Толибон»га тик боққан Малала — у ҳақда ёшлар нималарни билишмайди?

10 ноябр куни Kun.uz’нинг ёшлар Телеграм каналида покистонлик Малала турмушга чиққани ҳақида хабар эълон қилинди. Ёшларнинг аксарияти бу аёл ҳақида тушунчага эга эмаслиги аён бўлди. Биз Малала ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. Демак, ўқинг: «Толибон»га тик боқиб, суиқасддан омон қолган ва таълим учун курашган Малала.

Малала ким?

Покистонга ўрнашиб олган толибларга тик боқиб, қизларнинг таълим олишига рухсат берилишини талаб қилган Малала Юсуфзай 1997 йили, 12 июлда Покистон мамлакатининг Сват водийсида туғилди. Болалик чоғлариданоқ қизларнинг таълим олиши тарафдори бўлган Малалага толиблар тўғридан тўғри ўлим таҳдидини қилишади.

Фото: marieclaire.fr

Юсуфзай 11 ёшида интернетда ўз блогини юрита бошлаганидан сўнг машҳур бўлиб кетганди. У толибларнинг Сват округида шариат аҳкомларини жорий қилишга уринаётганини танқид қилганди. 2012 йил 9 октябрида у жангариларнинг ҳужумига учради. Ниқобдаги қуролланган кишилар мактаб автобусини тўхтатиб, улардан бири автобус ичкарисига кирган ва Малалани боши ва бўйнидан яралаган эди. У 2013 йил январида шифохонадан чиқди, кейинчалик ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятига қайтди.

«Толибон»нинг суиқасди

Таълим ҳимоячиси ҳисобланган Малала 2014 йили, 17 ёшида «Толибон» томонидан уюштирилган яна бир суиқасддан омон қолади. Учта ўқдан тирик қолган Малала таълимнинг муҳимлиги ҳақида гапиришда давом этаверди.

Фото: voaindonesia.com

2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотида нутқ сўзлади. Ушбу нутқида қуйидаги гапларни айтиб ўтди: «Экстремистлар китоб ва қаламдан олдин ҳам қўрқишган, ҳозир ҳам қўрқишади. Таълимнинг кучи уларни таҳликага солади. Улар аёллардан қўрқишади... Келинглар, китоб-қаламимизни олайлик. Улар бизнинг энг кучли қуролимиздир». 

Нобел мукофоти соҳибаси ва дунёнинг энг ёш тинчлик элчиси

Юсуфзай илк бор 2013 йилда Нобел мукофотига номзод бўлган, аммо ғолиб бўла олмаган. У 2014 йил март ойида, 17 ёшида қайта номзод қилиб кўрсатилган ва якунда нуфузли мукофотни қўлга киритган.

Фото: fortune.com

2017 йил апрел ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш Малалани қизларнинг таълим олишини тарғиб қилиш мақсадида БМТнинг тинчлик элчиси этиб тайинлади. Ўшанда у 20 ёшга тўлган эди.

Ливандаги қочқинлар мактаби

Малала Юсуфзай 2015 йилда Ливанда суриялик қочқинлар учун мактаб очди. Покистонлик пуштун қиз Ливанда айни пайтда вояга етганини ҳам нишонлади.

Фото: Twitter.com/MalalaFund

 «Мен бекорга Бека водийсидаги қочқинлар лагерини танламадим. Мен туғилган кунимни суриялик опаларим ва сингилларим ичида кутиб олмоқчи эдим. Мен уларнинг қисматини енгиллаштиришга ҳаракат қиламан», — деди Юсуфзай мактабнинг очилиш маросимида. Малала ўз сафарини «қуролли ихтилофлар туфайли мактабга бора олмайдиган 28 млн болалар олдидаги бурчи» туфайли амалга оширганини айтганди.

У очилиш маросимда «Ливандан туриб барча давлатлар етакчилари ва ҳукуматларига хабар йўлламоқчиман: маблағни ўқларга эмас, китоб ва дарсликларга ажратинг», — дейди.

БМТдаги мурожаат: Пандемиядан кейин 20 миллион қиз дарсларга қайтмаслиги мумкин 

2020 йилда Малала БМТ тадбирида коронавирус инқирозидан кейин миллионлаб қизлар дарсларга қайта олмаслиги ҳақидаги хавотирларини билдириб, ташкилотга аъзо давлатларга мурожаат қилди.

Фото: keywordbasket.com

 «Агар биз фақат таълим соҳаси ҳақида гапирадиган бўлсак, бу инқироз тугагунига қадар 20 миллион қиз дарсларга қайтмаслиги мумкин. Глобал таълим учун ажратиладиган маблағ дефицити 200 миллиард долларни ташкил этяпти. Пандемия — бу тўсиқ, лекин баҳона эмас. Тенгсизлик пандемиядан олдин ҳам кучайиб борган. Дунё давлатлари раҳбарларини ваъдаларни бажаришга ва «янги давр» — адолат даврини бошлаб беришга чақираман», — деди у.

Мен Малаламан

2013 йилда у ўзининг «Мен Малаламан» номли биринчи китобини нашр эттирди. Унда муаллиф аёл-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишда юзага келган қийинчиликларни, қизларнинг мактабга боришини қўллаб-қувватлаши ортидан ўзи дуч келган тазйиқ-у таҳдидлар ҳақида ёзади.

Фото: bustle.com

«Мен Малаламан» китоби истеъдодли таржимон Аҳрор Шариф томонидан ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилган.

У турмуш қурди

Покистонлик блогер ва инсон ҳақлари ҳимоячиси, бутун жаҳонда хотин-қизларнинг таълим олиши ҳуқуқи учун курашувчи Малала Юсуфзай шу йилнинг 10 ноябр куни 24 ёшида турмушга чиқди. Бу ҳақда у ўз Твиттерида маълум қилди.

 Фото: twitter.com/Malala

Куёвнинг исми Ассер бўлиб, улар Англиянинг Бирмингҳэм шаҳрида никоҳдан ўтишган. 

Мавзуга оид