Ўзбекистон | 07:31 / 16.11.2021
22363
2 дақиқада ўқилади

«Ўздонмаҳсулот» тугатилади

Фото: Яндекс

Президент “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

2021 – 2022 йилларда “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги дон корхоналарини ғаллачилик кластери ташкил этиш таклифини билдирган тадбиркорлик субъектларига сотиш учун баҳолаш ва фаолият йўналишини ўзгартирмаслик шартида очиқ савдоларга қўйиш;

“Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги дон корхоналарига тегишли 20 та уруғлик дон тайёрлаш цехларини ушбу корхоналарнинг солиқ ва Жамғарма олдидаги қарздорлигини (улар бўйича ҳисобланган пенялар, шунингдек, объектни ўтказиш натижасида юзага келадиган солиқларни ҳам инобатга олган ҳолда) объектнинг баҳоланган қиймати миқдорига камайтириш ҳисобига Уруғчиликни ривожлантириш марказига бериш ва тўлиқ модернизация қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Бунда, қарздорлик мавжуд бўлмаган ҳолларда объектлар “Ўздонмаҳсулот” АКдаги давлат улуши ва “Ўздонмаҳсулот” АКнинг дон корхоналаридаги улушини тегишинча камайтириш ҳисобига берилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналар тадбиркорлик субъектларига сотилгандан сўнг, “Ўздонмаҳсулот” АКни белгиланган тартибда тугатиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид