21:24 / 20.11.2021
17441

Болгария президенти Қримни Россияга тегишли деб айтган сўзларига изоҳ берди

Иккинчи муддатга президентликка даъвогарлик қилаётган Румен Радев асосий рақиби Анастас Гержиков билан ўтказилган сайловолди дебатида Қримни Россиянинг бир қисми деб айтганди.

Фото: dialog.ua

Қрим ҳозирда Россияга тегишли ҳисобланади, сиёсий воқелик ана шундай. Болгария президенти Румен Радев Киев унинг яриморол кимга тегишлилиги ҳақидаги сўзларига изоҳ беришни талаб қилганидан сўнг шу жавобни айтди, деб ёзади Mediapool.bg.

Шу билан бирга, у 2014 йилда Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши халқаро ҳуқуқ бузилиши экани, бу борада фикри қатъийлигини таъкидлади. 

Иккинчи муддатга президентликка даъвогарлик қилаётган Радев асосий рақиби Анастас Гержиков билан ўтказилган сайловолди дебатида Қримни Россиянинг бир қисми деб айтганди. Унинг сўзларига кўра, ташқи сиёсатда прагматизм зарур, Қрим туфайли киритилган Россияга қарши санкциялар эса ҳеч қандай самара бермаяпти.

Дебат 18 ноябрь куни бўлиб ўтди. Эртасига Украина ташқи ишлар вазирлиги Болгариянинг Киевдаги элчиси Костадин Кожабашевни чақиртирди ва президентнинг сўзларига раддия талаб қилди. 

Қрим 2014 йилда ўтказилган референдум натижаларига кўра Россияга қўшилган. Дунёнинг аксарият давлатлари яриморолнинг Россияга тегишли эканини тан олмайди.

Top