“Участкавой”ларнинг вазирга мурожаатлари: бошқарма бошлиғи изоҳ берди
Сўнгги кунларда интернетда ички ишлар органларидаги қонунсизлик ва коррупция ҳақида шикоят қилинган иккита видео тарқалди. Kun.uz собиқ профилактика инспекторларининг вазирга йўллаган мурожаатларида келтирилган важлар бўйича ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиевдан изоҳ сўради.
Бердиалиевга кўра, Фарғона вилояти Қува туманидан мурожаат йўллаган Нозимжон Нишонов 2020 йил апрел ойида ички ишлар тизимига профилактика инспектори сифатида ишга қабул қилинган.
“У 2015 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаган, лекин ички ишлар органларида кўникмалари бўлмагани учун ИИВ тизимидаги ўқув муассасаларида ташкил этилган уч ойлик курсда қайта тайёрланган. Одатда ёш йигитларга катта иш стажига эга бўлган, амалий иш тажрибасига эга бўлган ходимлардан мураббий бириктирилади.
Нишоновга бириктирилган мураббийдан тушган маълумотларга кўра, у хизматга тайинланганидан унча кўп вақт ўтмасдан, яъни 2021 йилнинг январ ойидан ўзини салбий томонлама кўрсата бошлаган. Ички ишлар тизими ўзини ўзи инвентаризациядан ўтказиб, ходимларининг хизмат интизомини, хизматга бўлган муносабатини, топширилган вазифалар ижросини текшириб боради. Шахсий хавфсизлик хизмати керак бўлса хуфиёна, керак бўлса очиқ текширувлар ўтказиб келади.
Кўп сонли ички ишлар идоралари фақат халқ билан ишлайди. Тизимда иш ҳажми катта. Агар ходимлар фаолияти устидан бундай назорат ўрнатилмайдиган бўлса, давлат ва ҳукумат олдидаги вазифаларимизни бажаролмай қоламиз. Шу мақсадда Нишоновнинг ходим сифатида масъулиятсиз экани биринчи марта шу йилнинг январь ойидаги назорат тадбирида аниқланганди. Яъни тунги вақтда хизмат машинасида ухлаб қолган. Ушбу ҳолат бўйича интизомий жазо қўллаш принципига асосан танбеҳ жазоси эълон қилинган.
Иккинчи марта орадан кўп ўтмасдан Фарғона вилояти ИИБ томонидан фуқаролардан келиб тушган ариза ва шикоятлар ижроси ўрганилганда кўплаб мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини асоссиз узайтириб юборгани, сифатсиз текширгани учун интизомий жазо сифатида ҳайфсан олган.
Бундан ташқари, ушбу ходим алоҳида назоратга олиниб, меҳнат интизомига амал қилиши бўйича ўтказилган хизмат текшируви давомида ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан сўнг бундай ходимнинг ички ишлар тизимида бўлиши ходимларнинг обрўйига таъсир қилишини инобатга олган ҳолда у ички ишлар органларидан комиссион тартибда хизматдан бўшатилган”, деди полковник Бахтиёр Бердиалиев.
ИИВ мулозими Нишонов лавозимини қай тарзда суиистеъмол қилганига изоҳ бераркан, у пора олмагани, бироқ тама қилиш ҳолатларигача боргани ҳақида ахборотлар келиб тушганини айтди.
Бердиалиевнинг ишонтиришича, хизмат текшируви давомида Қува тумани ИИБ раҳбарияти томонидан мажбурий юклама белгилангани, ходимлардан пул тама қилаётгани тасдиғини топмаган. У ўзи шахсан Қувага бориб видеомурожаатда тилга олинган мансабдорлар ва ходимлар билан суҳбатлашганини айтмоқда.
“Видеомурожаат орқали обрўйимизга тўғри келмайдиган гапларни айтган, ўзининг маъмурий назорат бўйича раҳбарини айблаган. Раҳбари юклама қўяётгани, пул тама қилаётганини айтган. Шахсан ўзим Қувага бориб ўша раҳбар билан учрашдим. Жамоасини ўрганиш бўйича хизмат текшируви тайинладик. Жамоадаги ходимлар ҳам Нишонов тўғрисида салбий фикрга эга. Беш-олтита ходим худди у каби видеомурожаат қилиб, Нишоновга ишонмасликка чорлаб чиқишмоқчи эди, аммо биз буни тўхтатдик. Сабаби бундай видеомурожаатга умуман зарурат йўқ.
Молхона қурилиши бўйича қурилиш материаллари талаб қилинганиниям суриштирдик. Раҳбар видеомурожаатда тилга олинган молхона чиндан мавжудлигини тан олди. Фақат у тадбиркорлик билан шуғулланувчи укасига тегишли экани, Нишонов видеомурожаатида қасддан бу молхонани ҳам ўзи қурдираётганини қўшиб кетгани ҳақида кўрсатма берди. Унинг сўзлари қанчалик рост-ёлғонлигига прокуратура органлари аниқлик киритади.
Видеомурожаатда санаб ўтилган ҳолатлар бўйича битта факт тасдиқланса ҳам бу бекитилмайди ва қонуний баҳо берилади”, дейди Бахтиёр Бердиалиев.
ИИВ бош бошқарма бошлиғи Наманган шаҳар ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант Сардорбек Отабоевнинг Facebook орқали вазирга йўллаган видеомурожаатига ҳам тўхталиб, у ИИВ раҳбариятини алдаганини таъкидлади.
“Бу ходимимиз 2015 йилда ИИВ академиясини тамомлаган. У 2021 йил июнь ойида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматига ўтказилган. Ёш ходим бўлгани учун унга ҳам мураббий бириктирганмиз. Вазиятни билиб туришимиз учун жойлардаги раҳбарлар ва мураббийлардан маълумот олиб турамиз. Бундан ташқари, қўшимча равишда кеча-ю кундуз ишлаб турадиган ишонч телефонларимиз бор.
Қолаверса, ёш ходимларга раҳбарлар томонидан қандайдир босим ўтказилганда ёки кечқурун мураккаб вазиятларга тушиб қолганда қўнғироқ қилишлари учун ҳар бир профилактика инспекторига телефон рақамларимизни тарқатганмиз. Улар қўнғироқ қилиб ёки Telegram орқали тўғридан тўғри ўзимга мурожаат қилиши мумкин.
Сардорбек ҳам Telegram орқали менга мурожаат қилиб, Наманган вилояти ИИБ ходимлари ва туман ИИБ раҳбарияти ўзига нисбатан нотўғри хизмат текшируви ўтказаётганини айтиб, ёрдам сўради. Ички ишлар вазирлигидан Кадрлар бўлими бошлиғи ўша куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, Отабоев билан учрашди. Нима бўлганини батафсил суриштирди. Сардорбек хизмат интизомини бузмаган бўлса ҳам ундан ишдан кетиш талаб қилинаётганини, айни пайтда хавф остидалигини, оилада ёлғиз боқувчи эканини айтиб бергани учун вазият бўйича чуқурроқ текширув ўтказилди.
Лекин текширув давомида унинг устидан фирибгарлик қилгани ҳақида мурожаатлар келиб тушгани аниқланди. Аниқроғи, “Аёллар дафтари”да турган бир аёлга ёрдам беришини айтиб, унинг номига банкдан катта миқдорда кредит олгани маълум бўлди. Аёл ўзининг номига кредит олинганини кейинроқ банкдагилар уни излаб келганидан сўнг билиб қолади. Шунда Отабоев 81 млн сўмдан ортиқроқ миқдордаги кредитни кейинроқ унга тўлаб беришга ваъда беради. Бироқ сўзининг устидан чиқмайди. “Аёллар дафтари”да турган, қийналган аёл ойлик тўловларни қандай тўлашини билмай, туман ИИБ раҳбариятига бўлган воқеалар ҳақида маълум қилади.
ИИВ раҳбариятига ёлғон гапириб, алдаган, қолаверса, фуқаронинг ишончига кириб, унинг номига кредит олиб, пулларни унга олиб бермаган ходимни вазирлик ҳимоя қилиши керакми? Ёки фуқаронинг манфаатлари устунми? Ким бўлишидан қатъи назар, у хоҳ профилактика инспектори бўлсин, хоҳ раҳбар бўлсин, қонунни бузса, бунинг учун жавоб беради.
Ушбу вазиятда ўша куннинг ўзида тўпланган ҳужжатлар прокуратура идораларига юборилди. 14 ноябрь куни кечки пайт у фирибгарлик жиноятини содир этганликда гумонланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди”, дея маълумот берди Бахтиёр Бердиалиев.
Унинг таъкидлашича, биргина профилактика инспекторининг видеомурожаатидаги гаплари билан соҳанинг обрўйи тушиб қолмайди. Мулозим ижтимоий тармоқ ёки ОАВ орқали айтилган сўзлар тасдиғини топмайдиган бўлса, бунинг учун жавобгарликка тортилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
“Ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилиш – бу очиқлик сиёсатининг натижаси, сўз эркинлигининг бир кўриниши, биз буни чекламаймиз. Хоҳ ички ишлар идоралари ходимлари бўлсин, хоҳ фуқаро бўлсин, қаерга чиқиб қандай мурожаат қилиш унинг ҳуқуқи деб ҳисоблайман.
Ички ишлар идоралари ходимларининг видеомурожаати тарқалганда амалдаги тартибга кўра зудлик билан хизмат текшируви тайинланади. Агар ходим ва раҳбари ўртасида қарама-қаршилик вужудга келса ёки мурожаатда қандайдир жиноят ҳақида сўз борган бўлса ёхуд ОАВ орқали кимгадир туҳмат қилиш ҳақида гап кетган тақдирда, хизмат текшируви давомида тўпланган ҳужжатлар объектив кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилади.
Интернетда тарқалган ҳар икки видеомурожаат бўйича тўпланган ҳужжатларни прокуратурага юборганмиз. Ҳолат бўйича қарорни прокуратура органлари қабул қилади, биз бу жараёнга аралашмаймиз.
Кўпинча одамлар ёлғон ёки туҳмат гапларни гапириб қўйишади-да, иш прокуратура томонидан кўриб чиқилиб, ҳақиқат ойдинлашгандан кейин узр сўраб чиқишга ёки жавобгарликка тортилишга тўғри келиши ҳақида ўйлашмайди. Чунки интернет орқали кимнидир айблаб чиқса-ю, сўзлари исботини топмаса, бу шахснинг қадр-қиммати камситиш, ҳақорат ёки туҳмат ҳисобланади. Табиийки, бу ҳаракат ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради”, дея таъкидлайди ИИВ бош бошқарма бошлиғи.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024