Жамият | 18:49 / 24.11.2021
21946
4 дақиқада ўқилади

ЙҲҚ: “B” гувоҳнома билан тиркамали транспорт воситасини бошқариш мумкинми?

Kun.uz “Пойтахт автоустоз” МЧЖ билан ҳамкорликда “Йўл ҳаракати қоидалари” туркум видеодарсларини эътиборингизга ҳавола қилиб келмоқда. Сенат Экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров кўрсатувнинг ушбу сонида автопоезд ҳамда аҳоли пунктларига доир айрим тушунчаларни изоҳлайди.

Автопоезд – биз автопоездга тиркама, ярим тиркама ёки тиркамалар уланган механик транспорт воситаси деб таъриф берамиз. Бу амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”дан фарқ қилади. Ҳозирги Қоидаларда автопоезд юк автомобили билан боғлаб қўйилган. Аслида ундай эмас.

Амалдаги қоидага кўра, автопоезд – улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ва тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби.

Енгил автомобил ҳам тиркама билан ҳаракатланса, автопоезд ҳисобланади. Фақат, уни қайси тоифа билан бошқариш ҳақида савол пайдо бўлади.

Агар тиркаманинг рухсат этилган тўла вазни 750 кг.дан ошмаса, ҳайдовчи бу транспорт воситасини B тоифа гувоҳномаси билан бошқарса бўлади. Тиркаманинг тўла вазни 750 кг.дан ортиқ бўлса, бу ҳайдовчига BE тоифалари бўлган гувоҳнома талаб этилади.

Ундан катта юк автомобилларини тиркама ёки ярим тиркама билан бошқараётганда CE тоифаси лозим бўлади. Узайтирилган автобуслар эса DE тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бошқарилади.

Аҳоли пунктини қандай тушуниш керак? Аҳоли пункти инсонлар иморатлар қуриб яшайдиган, обод қилинган ҳудуд ҳисобланади. Буни қандай биламиз?

5.22 йўл белгиси бор – “Аҳоли пунктининг бошланиши”. 5.23 йўл белгиси бор – “Аҳоли пунктининг охири”.

Яна 5.24 белгиси мавжуд – “Аҳоли пунктининг бошланиши”. 5.25 – “Аҳоли пунктининг охири”.

Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да аҳоли пунктига қуйидагича таъриф берилган. Аҳоли пункти – кириш ва чиқиш йўллари 5.22 – 5.25 йўл белгилари билан белгиланган ҳудуд.

Йўлларда икки хил ҳолатни кўриш мумкин. Агар сиз ҳаракатланаётган йўл ёқасига 5.22 йўл белгиси ўрнатилган бўлса, ушбу йўл бевосита аҳоли пункти ичидан ўтяпти. Мазкур белги бошланиши билан “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг аҳоли пунктларига доир тартиблари кучга киради. Яъни юқори тезлик соатига 70 км.гача чекланади, огоҳлантирувчи белгилар 50-100 метр масофага ўрнатилади. Товуш ишораларини қувиб ўтаётган вақтда бериш мумкин эмас. Йўлнинг чап томонида тўхташ мумкин ва ҳоказо ҳолатлар бор.

Ўзбекистонда йўл белгиларининг ўрнатилиши борасида бир мулоҳаза билдириш ўринли. Бизда йўл белгисини ўнг томонда ўрнатгач, чап томонда ўрнатишни унутиб қолдиришади. Ваҳоланки, давлат стандартларига кўра, бир томонга икки ва ундан ортиқ бўлак бўлган ҳолатларда ўнг томонга ўрнатилган йўл белгиси чап томонда ҳам такрорланиши керак. Чунки иккинчи ёки учинчи бўлакда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ўнг томондаги белгини кўрмай қолиши мумкин.

Баъзида йўлларда дуч келамиз: 5.24 (Аҳоли пунктининг бошланиши) йўл белгиси ўрнатилган бўлади. 5.25 (Аҳоли пунктининг тугаши) ҳам бор. Иккисиям кўк рангда бўлади. Ҳайдовчи ушбу белгилар оралиғида “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг аҳоли пунктларига доир тартибларига риоя қилмаса ҳам бўлишини билади, холос. Тўғри, бу белгилар оралиғида соатига 70 км.дан юқори тезликни танлаш мумкин. Қувиб ўтиш чоғида товушли ишорадан фойдаланса бўлади. Аммо бу белгилар оралиғида айни шу йўлдан чиқиб кетилса, яъни ҳайдовчи йўналишни ўзгартириб, ўнгга ё чапга бурилса, аҳоли пунктига кирган бўлади ва “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг аҳоли пунктларига доир тартиблари яна амал қила бошлайди.

Мавзуга оид