Ўзбекистон | 18:48 / 25.11.2021
4121
2 дақиқада ўқилади

75та қонунчилик ҳужжатида 300дан ошиқ коррупциявий омиллар аниқланди

Қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид 75та қонунчилик ҳужжатида 302та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланди.

Қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид 75та қонунчилик ҳужжатида 302та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланди.

Адлия вазирлиги томонидан бир қатор соҳаларга оид қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Kun.uz’га маълум қилди.

Экспертиза “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5263-сонли президент қарорига асосан амалга оширилган.

Коррупциянинг олдини олиш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган омилларни бартараф этиш мақсадида қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид амалдаги 226та қонунчилик ҳужжати коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган. Экспертиза натижалари бўйича 75та қонунчилик ҳужжатида (жами ҳужжатларнинг 33 фоизи) 302та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланган. Эндиликда ушбу коррупциявий омилларни бартараф этиш устида иш олиб борилади.

Қўшимча қилинишича, 2022-2026-йиллар давомида вазирлик томонидан амалдаги 21 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.

Маълумот учун, Адлия вазирлиги томонидан adliya_korrupsiyasizqonun_bot телеграм боти ишга туширилган бўлиб, ушбу бот орқали фуқаролар амалдаги қонунчилик ҳужжатларидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган нормалар, бюрократик тўсиқлар ва асоссиз харажатларга олиб келувчи нормалар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни вазирликка юбориш имкониятига эга.

Мавзуга оид