Ўзбекистон | 17:24 / 26.11.2021
19429
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида АИ-80 бензини нархи пасайиши маълум қилинди

Бугун, 26 ноябр соат 20:00дан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида АИ-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан сотувга чиқарилади, дея Kun.uz'га маълум қилди компания матбуот хизмати.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Республика ҳудудидаги “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча АЁҚШларда бензин бўлиши таъминланади”, – дея Kun.uz'га маълум қилди компания матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Тўрахўжаев.

Унинг қайд этишича, бензин тақчиллигининг олдини олиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Товар хом-ашё биржаси” АЖ ҳамкорлигида чора-тадбир ишлаб чиқилган.

Сўнгги ҳафталарда “Ўзбекнефтгаз” ва бошқа айрим хусусий шохобчаларда АИ-80 бензини тақчиллиги кузатилмоқда. Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотига кўра, 23-24 ноябр кунлари Тошкентдаги “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида АИ-80 бензини 7390 сўмдан, 21-22 ноябр кунлари эса 7190 сўмдан сотилган.

16 ноябр куни аксилмонопол орган бензин нархи ошишида манипуляция ҳолатлари аниқланганини билдирганди. Шундан кейин қўмитанинг аралашуви билан биржада 1 тонна миқдоридаги лотлар ҳам пайдо бўлди ва биржада нархлар пасая бошлади. Антимонополия қўмитаси 24 ноябрь куни АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10,1 млн сўмдан 8,1 млн сўмгача пасайгани ёки 24 ноябр куни нархлар 15 ноябрга нисбатан 20 фоизга арзонлашганини маълум қилди. Бироқ биржадаги бу арзонлашув аксарият шохобчаларда нархлар тушишига олиб келмаяпти.

Мавзуга оид