07:52 / 27.11.2021
11118

Ўзбекистон давлат қарзи 25 млрд доллардан ошди

Давлат қарзи қолдиғи жорий йилнинг III чорагида 1,1 млрд долларга (йил бошидан 2,1 млрд долларга) ошиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 25,3 млрд долларни ташкил этди. 

Фото: Getty Images

Молия вазирлиги ҳисоботига кўра, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати барқарорлашиш тенденцияси сақланиб қолиб, йил бошидаги 38,9 фоиздан (1 июль ҳолатига – 38,5 фоиз) жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 38,4 фоизгача пасайди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида давлат қарзи қолдиғининг 1,1 млрд долларга ошиши, асосан, давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида қарз маблағларининг ўзлаштирилиши билан бирга, 356,4 млн доллар миқдоридаги давлат қарзининг сўндирилиши билан изоҳланади. 

Натижада, жорий йилнинг III чорагида: Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 897,6 млн долларга ошди; давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 42,2 млн долларга ошди; давлат томонидан кафолатланган ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи 102,2 млн долларга ошди; Ўзбекистон номидан 1 196,4 млрд сўмлик давлат қимматли қоғозлари (ДҚҚ) эмиссия қилиниши ва 407,2 млрд сўм миқдоридаги ДҚҚ сўндирилиши натижасида ДҚҚ бўйича қарздорлик қолдиғи 789,2 млрд сўмга ошди.

Билдирилишича, жорий йил бошидан кузатилаётган давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайиш тенденция, асосан, давлат қарзини хавфсиз даражада сақлаш ва уни самарали бошқариш борасида амалга оширилаётган пруденциал чоралар, ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръатлари ошиши билан изоҳланади. 

Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати жорий йилнинг III чорагида 6,9 фоизни ташкил этган бўлса, АҚШ долларидаги давлат қарзи қолдиғи 4,6 фоизга ошди. 

Ўзбекистон номидан ёки давлат кафолати остида янги жалб қилинадиган қарз ҳажмига белгиланаётган йиллик лимитлар босқичма-босқич мақбуллаштириб борилаётгани айтилади. 

2020 йилда давлат ташқи қарзини жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 млрд доллар миқдорида белгиланган (амалда 5,35 млрд доллар миқдоридаги давлат ташқи қарз битимлари имзоланган). 2021 йилда давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 млрд доллар (шундан, давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми – 5 трлн сўм) миқдорида белгиланган. 

“2022 йил учун Ўзбекистон давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан 2022 йилда давлат ташқи қарзларини жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд доллар, Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6 трлн сўм миқдорида белгиланиши таклиф этилмоқда.

Top