Жаҳон | 19:39 / 27.11.2021
44865
4 дақиқада ўқилади

“Худкушлар камайди, лекин нархлар осмонда” — Афғонистондаги янги давр ҳақида суҳбат

Фото: Ёсин Одил / Kun.uz

Ёсин Одил Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида яшайди. У август ойида Kun.uz'га берган интервюсида “Толибон” ҳокимиятга келиши сабаб қизларининг тақдиридан хавотирда экани ҳақида сўзлаб берганди. “Қизларимни яшириб ўтирибман, ёзуғимиз нима, билмайман”, деганди ўшанда у. Орадан уч ой ўтиб, ҳозирги вазият ҳақида билиш учун яна Кобул билан боғландик.

— Ёсин ака, ўтган галги суҳбатимизда қизларингизни кўчага чиқармай яшириб ўтирганингиз, онангиз оғир аҳволда эканини айтгандингиз.

— Қизларимни бошқа вилоятга олиб бориб қўйдим, тез-тез хабар олиб турибман, Худога шукр, анча хотиржам бўлдим бу масалада. Лекин онамнинг аҳволи оғир, тез-тез комага тушиб қоляпти, кексаликда... Мен ўзим Аллоҳга таваккал қилиб Кобулда, онамнинг ёнида ўтирибман. Афсуски, ниятимизга ета олмадик, бирор хорижий давлатга чиқолмадик.

Фото: Ёсин Одил

— Кобулдаги бугунги вазият ҳақида гапирсангиз.

— Бир жиҳатга шукр қиламан – худкушлар сезиларли камайди. Олдин кўчада ўзини сал бошқача тутган одамнинг олдидан қочардик, баъзан ҳар соатда портлашлар эшитилиб турарди. Бугун шу ҳолат йўқ, бу жиҳатдан хотиржаммиз. Лекин кўчаларда ўғри-киссовурлар ҳаддан ортиқ кўпайди. Бир томондан ҳуқуқ-тартибот органлари ҳали тўлақонли ишлай олмаётган бўлса, иккинчи томондан иложсизлик, қашшоқлик ва ҳатто очлик одамларни шунга мажбур қилмоқда.

Фото: Ёсин Одил

— Мана шу нуқтада кенгроқ тўхталсангиз. Бугунги нарх-наво қанақа, афғоний курси бўйича вазият-чи?

— Афсуски, вазият жиддий. Бундан 4 ой аввал долларга нисбатан афғоний курси 65-67 атрофида бўлган бўлса, бугун бу кўрсаткич 100 га яқинлашиб қолди ва ошишда давом этяпти. Нарх-наво ҳам кескин юқорилаяпти. Бир кило гўшт 350 афғоний эди, ҳозир 500 атрофида. Олдин 250 граммлик нонни 10 афғонийга олган бўлсак, бугун аксарият нонвойлар вазиятдан чиқишнинг антиқа усулини қўллашяпти – нарх ўша-ўша, лекин вазн 120 граммга тушди.

— Бензин-чи?

— Ёнилғи ошмай қолармиди?! 4 ой аввал 50 афғонийдан сотилган бензиннинг баҳоси бугун 80га чиқди. Умуман, энг зарур маҳсулотлар нархи камида 30 фоиздан икки баробаргача ошиб кетди.

Фото: Ёсин Одил

— Шифохоналар, умуман ижтимоий муассасалар ишлаб турибдими?

– Шукр, ишлаяпти. Лекин дори-дармон жуда қиммат ва танқис. Шифокорлар маошсиз қолишган, беморнинг қўлига қарашга мажбур. Лекин беморда ҳам пул йўқ. Ўзимнинг ҳам бизнесим инқирозда. Биласан, уйларни ижарага берардим. Ҳозир 4 нафар ижара олувчим 3 ойдирки ҳақ тўлай олишмайди.

Фото: Ёсин Одил

— Ўша пайтда аэропортлар атрофидаги аянчли манзарани кўрсатгандингиз. Бугун вазият қандай, самолётлар уча бошладими?

— Уча бошлади, лекин жуда кам ва фақат хорижий авиакомпаниялар ўта чекланган йўловчиларни олиб учишяпти. Ҳали оммавий парвозларга рухсат берилмади шекилли, чунки бирор танишимнинг хорижга учганини эшитмадим.

— Толиблар билан муносабатда мураккабликлар бўлмаяптими?

— Тинчлик ўрнатганлари чин бўлса, қийинчиликлар ҳам ўтар, деган умиддамиз. Бир ноқулайликка дуч келдим, толиблар пуштун тилида иш юритишни йўлга қўйдилар. Чунки уларнинг аксарияти пуштунлар, албатта, тожиклар, ўзбеклар каби миллатлар ҳам бор. Хуллас, биз каби олдин форсийда ўрганганлар энди қийналиб қолдик. Чунки пуштун тили кенг амалиётда бўлмаган.

Фото: Ёсин Одил

— Сизга ва оилангизга тинчлик тилаймиз, Ёсин ака.

— Бизнинг ҳам орзумиз шу. Ўзбекистонга ҳамиша ҳавас билан қараганмиз. Лекин барибир ўз юртимизни яхши кўрамиз. Афғонистонда ҳам гўзал жойлар жуда кўп, келажакда Ўзбекистон каби меҳмонлар кўп келадиган юртга айлансак қани эди...

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид