Жамият | 10:54 / 01.12.2021
42113
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда молиявий пирамида ташкил қилган хорижликлар қўлга олинди

Украина фуқароси таъсис этган Golden cash store МЧЖ мансабдорларига нисбатан пул маблағларини ноқонуний жалб этганлик айби билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар беришича, 2020 йил 15 январ куни Украина фуқароси, 29 ёшли М.М. Тошкент шаҳрида Golden cash store МЧЖ шаклидаги хорижий корхона таъсис этган. Корхонанинг асосий фаолияти чакана савдо бўлса-да, М.М. бир гуруҳ шахслар билан биргаликда фуқаролар орасида ва интернет тармоғи орқали ушбу корхонадан тилла ва кумуш буюмларни сотиб олиш йўли билан йиллик 260 фоизгача даромад бериб боришга қизиқтирган ҳолда тарғибот-ташвиқот ишларини уюштирган.

Улар шу йўл билан фуқаролардан пул маблағларни қабул қилиб, мижозлар олдидаги мажбуриятларини янги мижозлар ҳисобидан даромад сифатида пластик карталарга маълум миқдорда пул маблағларини ўтказиш йўли билан қизиқтириб, республика бўйича кўплаб фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритган.

2021 йил 17 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Golden cash store МЧЖ мансабдор шахсига нисбатан ЖКнинг 188-1-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, мазкур иш доирасида чет эл фуқаролари М.М., В.К., С.Т., А.С. ва Х.Ш. га 188-1-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари билан айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов олиб борилмоқда ҳамда фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Golden cash store МЧЖ Тергов департаменти хабарида айтилганидек 2020 йил эмас, 2021 йил 15 январда таъсис этилган. Корхона асосий фаолият йўналиши сифатида соатлар ва заргарлик буюмлари чакана савдоси қайд этилган. Шунингдек, корхона таъсисчиси Максим Мунтян ҳисобланади.

Аввалроқ, «Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдор шахслари ЖКнинг 188-1-моддаси билан жавобгарликка тортилганди.

Мавзуга оид