Ўзбекистон | 11:03 / 02.12.2021
18703
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Тошкент шаҳрида нарколаборатория фаолиятига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция натижасида интернет орқали синтетик наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. 

Улар томонидан Тошкент шаҳрида ижарага олинган 3 та хонадонда “мефедрон” синтетик наркотик моддасини яширин лаборатория шароитида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

Махсус тадбирлар натижасида ушбу хонадонларда умумий миқдорда 892 грамм “мефедрон”, 45 грамм “альфа-ПВП” синтетик наркотик моддалари, хомашё сифатида фойдаланиладиган 360 литрдан ортиқ заҳарли кимёвий моддалар ва прекурсорлар ҳамда зарур асбоб-ускуналар, ҳимоя воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари томонидан хуфия жойларга яшириб қўйилган 898 грамм “мефедрон” моддаси, 15 литр ва 12 килограмм миқдорида турли хил кимёвий моддалар ҳамда 8 литр “бромкетон” олиб қўйилди.

Бундан ташқари, улардан ноқонуний йўллар билан биткоин криптовалютасида жамғарилган 113 770 АҚШ доллари ҳам мусодара қилинган.

ДХХ хабарида таъкидланишича, гуруҳ аъзоларининг 1992-2000 йиллар оралиғида туғилган 3 нафари Тошкент шаҳридаги ҳамда хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари талабалари ҳисобланади.

Бугун наркокурьерлар томонидан синтетик гиёҳванд моддаларни мамлакатга хорижий давлатлардан олиб келиниши ҳам кузатилмоқда.

Хусусан, юк автомашинасида чет элдан келтирилган электросамокат ичига яшириб қўйилган 1 килограмм 994 грамм “мефедрон” ва 499 грамм “спайс” моддаларини ҳамда 6 дона гашиш мойи капсуласини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс қўлга олинди.

Шунингдек, 1984 йилда туғилган фуқаро ҳам хориждан юк автомашинасида олиб келинган электросамокат ичига яшириб қўйилган 500 грамм “героин”, 947 грамм “гашиш”, 500 дона LSD номли синтетик наркотик модда ҳамда 60 дона гашиш мойи капсуласини қабул қилиб олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, мазкур шахслар Тошкент шаҳрида интернет тармоғи орқали наркотик моддаларни сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид