23:37 / 02.12.2021
10409

Европа иттифоқи Беларусга навбатдаги санкцияларни киритди

Фото: ТАСС

Европа иттифоқи Беларусга қарши 5-санкциялар пакетини киритди. Ушбу рўйхатга 11 нафар юридик ва 17 нафар жисмоний шахс киритилган. Европа иттифоқи кенгаши қарорига кўра, санкциялар ЕИ чегараларидаги миграция инқирози билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган. Брюсселнинг фикрича, бу Минск томондан “гибрид ҳужум” ҳисобланади.

Санкциялар рўйхатига “Белавиа” авиакомпанияси, Беларус чегара махсус кучлари, “Центркурорт” давлат туристик агентлиги, бир нечта меҳмонхона ва яна бир нечта турагентлик киритилган. Шунингдек, ушбу рўйхатга Суриянинг Минскка парвозлар амалга оширувчи Cham Wings авиакомпанияси, Туркияда жойлашган ва Беларусга сайёҳлик турларини расмийлаштирувчи VIP Grub агентлиги ҳам кирган.   

Бундан ташқари, Беларусь давлат чегара қўмитаси раҳбари Анатолий Лаппо, унинг ўринбосари Игорь Маршалов, Беларусь ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анатолий Глаз, чегара қўшинлари бўлинмалари раҳбарлари ва бошқа куч тузилмалари вакиллари, судьялар ҳам санкциялар остига тушган.

Шу тариқа, Европа иттифоқининг Беларусга қарши киритган санкциялари рўйхати остига тушганлар сони жами 183 жисмоний ва 26 юридик шахсга етган. Европа иттифоқи бизнес вакилларига санкциялар остига тушган шахслар билан ҳар қандай алоқалар ман этилади, ушбу шахсларга Европа иттифоқи ҳудудига кириш тақиқланади ва уларнинг иттифоқ давлатларидаги банк ҳисоб рақамлари музлатилади.

Top