Жаҳон | 17:47 / 08.12.2021
18131
7 дақиқада ўқилади

Германияда янги ҳукумат. Шолц - канцлер, Россия ва Хитойнинг ашаддий танқидчисига вазирлик берилди

Чоршанба куни бундестаг Германиянинг янги ҳукуматини тасдиқлади. Мамлакат канцлерлигини социалист Олаф Шолц эгаллади, ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлигига Россия ва Хитой масалаларида муросасиз бўлган яшиллар етакчиси Анналена Бербок келди.

Олаф Шолц қасамёд қабул қилмоқда.

Бундестаг депутатларидан 395 нафари Шолц номзодини маъқуллади - у тасдиқланиши учун 369 овоз етарли эди.

  • Олаф Шолц 63 ёшда, у Германия социал-демократик партияси аъзоси. Сўнгги уч йил давомида у Меркель ҳукуматида вице-канцлер ва молия вазири лавозимларида ишлаган. 2011—2018 йилларда Олаф Шолц Ҳамбург шаҳрининг раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.

Янги ҳукумат тўрт марта Христиан-демократик иттифоқ партиясини ғалабага етаклаб келган Ангела Меркель кабинети ўрнини эгаллайди.

Бундестаг учун сентябрь ойида ўтказилган сўнгги сайловда Меркель иштирок этмади. У уч йил олдинроқ 2021 йилда сиёсатдан кетишини эълон қилганди ва сайловларда унинг партияси мағлуб бўлди.

Якунда Меркелнинг канцлерлиги 16 йил ва 15 кун давом этди. Агар янги коалиция бўйича музокаралар яна 12 кунга чўзилганида, у Германия канцлери лавозимида Отто фон Бисмаркдан кейин энг кўп вақт давомида бўлган Ҳелмут Колнинг рекордини янгилаган бўларди.

Сайловларда ХДИнинг сўнгги ҳукуматида иттифоқчи бўлган Олаф Шолц етакчилигидаги социалистлар ғолиб чиқди ва улар христиан-демократлар билан коалиция тузмасдан, сайловда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган яшиллар ҳамда Эркин демократлар партияси билан янги ҳукумат коалицияси тузишга қарор қилди. Бу коалиция Германияда «светофор» (Ampel-Koalition) номини олди - уч партиянинг рамзий рангларидан келиб чиққан ҳолда.

Коалиция иштирокчилари янги ҳукумат дастури бўйича фақат ноябрь ойи охирига келиб келишувга эришди ва 4-6 декабрь кунлари уч партия бирин-кетин бу коалицион келишувни маъқуллади: социалистлар ва эркин демократлар - партия конференцияларида, яшиллар эса - барча партиялар вакилларининг умумий овоз бериш жараёнида. Сешанба куни якуний келишув имзоланди ва Олаф Шолцнинг янги ҳукумати бундестаг томонидан тасдиқланиши учун барчаси тайёр бўлди.

Қатъий Анналена
Бу ҳукуматда ташқи ишлар вазири лавозимини Яшиллар партияси ҳамраиси, 41 ёшли Анналена Бербок эгаллади. У Германия тарихида бу лавозимга келган илк аёл киши ва энг ёш ташқи ишлар вазири бўлди.

Анналена Бербок Германия ташқи ишлар вазири лавозимига келган илк аёл бўлди. Фото: EPA

Социалист Олаф Шолц ташқи сиёсат масаласига анча эҳтиёткорлик билан ёндашиб келган бўлса, Бербок сайловларгача ҳам, мухолифат вакили сифатида, сайловолди кампанияси вақтида ҳам Москвани кескин танқид қилган ва Хитой билан қарама-қаршилик масаласида қатъий позиция танлаган.

Яшиллар азалдан Европа қадриятлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликларини ҳимоя қилишга асосланган ҳолда ташқи сиёсат юритиш ваъдаларини бериб келади.

«Бу қадам Россияни Европа қадриятлари тўпламидан янада узоқлаштирди. Биз «Мемориал»га нисбатан қатағонга ва ҳуқуқ фаолларининг ҳаракати жиноятга тенглаштирилишига қатъиян қаршимиз», деди Бербок ноябрь ойида DPA агентлиги учун берган интервьюсида Россия ҳукуматининг «Мемориал» жамиятига (Россияда хорижий агент функцияларини бажарувчи ташкилот сифатида таснифланган) қарши ҳаракатларини шарҳлар экан. 

Мухолифатда бўлганида Бербок ҳукуматни россияликларнинг «Шимолий оқим» газ қувури лойиҳасининг иккинчи босқичи қурилишини зудлик билан тўхтатишга чақирган (айниқса Алексей Навальнийнинг заҳарланишидан кейин), энди эса, қурилиш ишлари якунлангач, уни фойдаланишга топширмасликка чақирмоқда.

Аммо социалистлар «Шимолий оқим - 2» лойиҳасини қўллаб-қувватлашади (кўмирдан воз кечиш сиёсатини амалга ошириш вақтида унинг ўрнини газ билан тўлдириш зарурати бор) ва немис шарҳловчилари бу оғриқли масала коалиция келишувида мутлақо эсга олинмаганига эътибор қаратишади: лойиҳанинг Европа қонунларига мувофиқлиги текширилаётган маҳалда томонлар «келишмасликка келишган», газ эса барибир ҳали етказиб берилмаяпти.

Бербок, шунингдек, Хитой билан ҳам курашишга тайёр, Германиянинг аввалги ҳукумати аҳён-аҳёнда қоралаб турган бўлса-да, бу давлат билан фаол савдо қилган.

«Биз, европаликлар, ўзимизни камситишларига йўл қўймаслигимиз керак. Биз - дунёдаги энг йирик бозорлардан биримиз ва Хитой Европа бозоридан жуда манфаатдор. Агар биз бозорни мажбурий меҳнатга йўл қўйиладиган Шинжон каби ҳудудлардан келадиган маҳсулотлар учун ёпсак - бу оддий амалиёт, бу Хитой каби экспортёр мамлакат учун катта муаммога айланади», деган Бербок Берлиндаги Tageszeitung газетаси учун берган интервьюсида.

«Меркель ҳукуматида бундай позицияни тасаввур қилиб бўлмасди. Лавозимни тарк этган канцлер ЕИ ва Хитой ўртасида инвестициялар бўйича келишувлар тузилишида муҳим рол ўйнаган», дея қайд этилади Focus журналининг Анналена Бербок «совуқ уруш жангчиси» дея таъриф берилган мақоласида.

Канцлер нималар қилиши мумкин?
Германия ташқи сиёсати баёнотларда эмас, амалда қандай бўлиши - немис шарҳловчилари фикрича, социалист канцлер Шолц Анналена Бербокнинг эркин ҳаракатланишини қанчалар чеклашни исташига боғлиқ бўлади. Ангела Меркель даврида ташқи сиёсат йўналишлари канцлер аппаратида шакллантирилган, ташқи ишлар вазири (сўнггиси социалист Ҳайко Маас бўлганди) кўпроқ ижрочи сифатида чиқиш қилган.

Олаф Шолц ҳукумат коалицияси тузиш ҳақидаги келишув имзоланган вақтда. Фото: EPA

Нима бўлганда ҳам, янги ҳукуматдаги партиялар уларнинг ташқи сиёсатдаги устувор мақсади бутун Евроиттифоқ ҳаракатларини мувофиқлаштириш эканига келишишган ва буни коалиция келишувида ҳам акс эттиришган.

Айрим таҳлилчиларнинг тахмин қилишича, яшилларнинг Германия ташқи сиёсатига таъсири нисбатан кучли бўлади, чунки муҳим лавозимлардан бири - Иқтисодиёт ва иқлим вазири лавозимини партиянинг иккинчи ҳамраиси Роберт Ҳабек эгаллади, иқтисодий алоқалар эса - Европадаги йирик экспортчи давлат бўлган Германияда ташқи сиёсат юритишдаги муҳим инструментдир.

Социалистлар янги кабинетда саккиз лавозимни эгаллади, жумладан канцлерлик (Шолц) ва ички ишлар вазири (Нэнси Фезер), яшиллар ва эркин демократлар тўрттадан портфелга эга бўлди. Эркин демократлар етакчиси Кристиан Линднер молия вазири бўлди.

Пандемия масаласида немис матбуоти янги ҳукуматдаги яна бир шахсни алоҳида қайд этмоқда: соғлиқни сақлаш вазири лавозимини Соғлиқни сақлаш иқтисодиёти ва клиник эпидемиология институтининг собиқ директори, соғлиқни сақлаш ташкилотчилиги ва эпидемиология бўйича мутахассис Карл Лаутербаҳ эгаллади.

Профессор Лаутербаҳ - коронавирус устидан ғалаба қозонилиши учун қатъий чекловлар қўллаш тарафдори ҳисобланади.

Германия ҳукуматининг барча аъзолари фотосуратлари. Фото: Reuters

Мавзуга оид