Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда ўқувчилар лой йўлларда олис мактабга қатнамоқда (фото)
Қамаши туманида болалар ўз қишлоқларида мактаб йўқлиги сабабли узоқдаги мактабга лой йўллардан қатнаётгани ҳақида хабар тарқалди. Туман ҳокимлиги бунга жавобан, ҳудудда мактаблар етарли экани, бошқа мактаб қурилмаслигини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қамаши туманида ўқувчилар мактабга лой йўллардан қатнаётгани акс этган хабар ва суратлар эълон қилинди.
“Қамаши тумани, Бойбўри қишлоғидаги болалар ҳамон ўз мактаби йўқлигидан азият чекмоқда”, дея ёзилган постга лойли далада мактабга кетаётган болалар суратлари илова қилинган.
Бунга расмий муносабат билдираркан, Қамаши туман ҳокимлиги ҳудуддаги қатор масалаларни санаб ўтди.
Хабардаги ҳолат билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун туман Халқ қабулхонаси мудири, туман ҳокимлиги ходимлари Бойбўри қишлоғида бўлган.
“Тумандаги “Бойбўри” маҳалла фуқаролар йиғинида Эсабой ва Бойбўри қишлоқлари бор. Маҳаллада 3,5 мингга яқин фуқаро рўйхатда туради. Мактаб ўқувчилари 23, 27 ва 73-мактабларда таҳсил олишади.
Телеграм каналида ушбу қишлоқда мактаб қурилиши бошлагани ва якунига етмай қолгани айтилади. 1989-йилларда колхоз ва совхоз хўжалиги ҳисобидан ушбу қишлоқда мактаб қурилиш ишлари бошлаган. Бу қурилиш давлат дастурига кўра эмас, хўжалик ҳисобидан амалга оширилган. Хўжаликлар якунлангач, қурилиш ишлари ҳам охирига етмай қолган.
Йиллар ўтиши билан қурилиш объекти қаровсизлик сабаб йўқ бўлиб кетган. Фермер хўжаликлари ташкил қилиниши билан сувли ерларга бўлган эътибор ҳам ортади. Қишлоқ хўжалиги ерлари ер ислоҳотларига кўра қайта тақсимланади. Ҳозирда ушбу сувли ҳудудда фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.
Болалар мактабга тош тўкилган йўлдан боради. Фермер хўжалиги ерлари атрофидаги сувли ерларда уй-жой қуриб олган оилаларнинг фарзандлари мактабга қатнаши учун ҳам йўл мавжуд. Шундай бўлишига қарамасдан масофани камайтириш учун болажонлар фермер хўжалиги ер майдонларидан ҳам кесиб ўтади”, дейилади ҳокимлик муносабатида.
Аҳоли ҳокимлик вакиллари билан суҳбат давомида қишлоқ учун мактаб қурилишини сўраб мурожаат қилишган. Улар мактаб қуриш учун қишлоқда фақат битта жой борлигини кўрсатишган.
“Қишлоқ аҳолиси мўлжаллаб қўйган жой фермер хўжалиги контурида бўлиб, сувли ер ҳисобланиши аниқланди. Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қонунларга кўра, сувли ер майдони фақат қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланиш учун ажратилади. Яшаш хонадонлари учун эгалик ҳуқуқи мавжуд эмас. Вақтинчалик фойдаланиш ҳужжати қилинган.
Қишлоқ болаларининг аксарият қисми борадиган 27- ва 73-мактаб оралиғи 5 километрни ташкил қилади. Бойбўри қишлоғи аҳолиси ўша мактаблар оралиғидаги ҳудудда яшайди. Шунингдек, мактаблар қишлоқлар учун эмас, болалар учун қурилади. Мактаб қайси ҳудудда қурилишидан қатъи назар ҳар бир бола учун эшиги очиқ ҳисобланади. Шу сабаб болаларнинг ўз мактаблари йўқ дейиш ўринсиздир”, деб ёзади ҳокимлик ахборот хизмати.
Ҳокимликка кўра, ушбу қишлоқ ҳудудида мактаб биноси қурилиш масаласи мутахассислар томонидан бир неча бор ўрганилган ва таклифлар ҳам тайёрланган. Унга кўра, қишлоқ ҳудудида бошланғич синф ўқувчилари учун 160 ўринли мактаб биноси қурилиши келтирилган. Бироқ, бу таклифлар қишлоқ ҳудудига талаб даражасидаги радиусда мактаблар борлиги учун инобатга олинмаган. Ҳозирда ушбу маҳалладаги Эсабой қишлоғида жойлашган 27-мактаб учун қўшимча бино ва спорт майдони қуриш таклифи берилмоқда.
Мавзуга оид
10:40 / 02.02.2026
Қамашида йўлни қордан тозалаш ишларига махсус техникалар жалб этилди
12:15 / 13.10.2025
Қашқадарёда нафақадаги ҳарбий хизматчи қотилликда гумонланмоқда
08:27 / 16.06.2025
Солиқ идораси мансабдорининг ноқонуний ҳаракати фош қилинди
18:46 / 31.05.2025