09:40 / 13.12.2021
4709

АҚШда коронавирус қурбонлари сони 800 мингдан ошди

АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони 800 мингдан ошди ва охирги маълумотларга кўра 817 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Reuters

Таъкидланишича, қурбонлар сони Шимолий Дакота штати аҳолисидан кўпроқни ташкил қилади.  

2021 йилда АҚШда 2020 йилгига нисбатан кўпроқ одам коронавирусдан вафот этган. Бу кўрсаткич 450 мингдан ортиқ бўлиб, АҚШда пандемия бошидан бери коронавирусдан барча ўлим ҳолатларининг 57 фоизини ташкил қилади. 

Бундай кўп ўлимлар АҚШда узоқ вақт устунлик қилган “дельта” штамми билан боғланган.

“Ўлим даражаси юқорилигининг иккинчи сабаби кўплаб америкаликларнинг эмланишдан бош тортаётгани ҳисобланади. Жорий йилда коронавирусдан асосан эмланмаганлар вафот этган”, деб айтилган хабарда.

Reuters таҳлилига кўра, АҚШда вирусдан ўлимлар сони 111 кунда 600 мингдан 700 минггача ошган, кейинги 100 минг ўлим эса 73 кунда юз берган.

Агентликнинг таъкидлашича, АҚШда вирусдан ўлим даражаси қўшни Канадага қараганда 3 марта, Японияга нисбатан 11 марта кўпроқ.

“Дунё аҳолисининг 4 фоизи яшайдиган давлатга коронавирусдан барча ўлимларнинг 14 фоизи тўғри келмоқда”, деб таъкидлаб ўтилган Reuters’да.

Коронавирусдан ўлимлар сони бўйича кейинги ўринларни Бразилия (616 минг) ва Ҳиндистон (475 минг) эгалламоқда.

Айни вақтда бутун дунёда коронавирусга чалинганлар сони 243 млндан, ўлимлар сони эса 5,321 млндан ошиб кетди.

Top