Ҳушёрликка чорлов: Тошкентда мажақланиб кетган машиналар эвакуаторда олиб юрилибди
Пойтахтда йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишининг олдини олишга қаратилган тарғибот карвонлари ташкил этилди. Маълум қилинишича, энг кўп автоҳалокатларни 18-27 ёш орасидаги ҳайдовчилар содир этмоқда.
Тошкент шаҳри кўчаларида автоҳалокат сабабли яроқсиз ҳолга келган автомобиллар эвакуаторга ортилган ҳолда олиб юрилибди. Пойтахт ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойбергановнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу – тарғиботнинг бир кўриниши бўлиб, пиёда ва ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга чақириш мақсад қилинган.
“Фуқароларга автоҳалокат негизида инсон ҳаёти турганини тушунтириш мақсадида шундай тадбирларни ўтказяпмиз. Кичкина йўл ҳодисаси ҳам биз учун фавқулодда ҳолат.
Аҳоли шундай ЙТҲ оқибатида оғир ҳолга келиб қолган транспорт воситаларини кўриб, ҳайдовчиларга кўрсатиб тегишли хулоса чиқаришини истаймиз.
“Тез ёрдам” машинасини ҳам ўзимиз билан бирга олиб юрибмиз. Энг оғриқли муаммолардан бири, афсуски, айрим ҳайдовчилар кўчада “Тез ёрдам” автомобилига йўл бермайди. У машинада оғир аҳволдаги бемор бўлиши мумкин. Лекин буни тушунмайдиганлар ҳам бор”, дейди Қаҳрамон Худойберганов.
Унинг сўзларига кўра, аксарият автоҳалокатларни 18-27 ёш орасидаги ҳайдовчилар содир этмоқда.
2021 йил 1 январдан ҳозирги кунгача Тошкент шаҳрида 800 дан ортиқ ЙТҲ юз берган; оқибатда 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 900 дан ортиқ инсон тан жароҳати олган.
Маълум қилинишича, автоҳалокатларнинг аксарияти машинани белгиланган тезликдан юқори ҳайдаш, пиёдаларнинг ҳаракатланиш маданиятига амал қилмаётгани оқибатида юз бермоқда.
Аввалроқ, Kun.uz Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан репортаж тайёрлаганди. Унда ЙТҲ сабабли оғир жароҳатланган беморлар ҳолати ҳақида ҳикоя қилинади.
Мавзуга оид
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024
Тошкентда метро станциясида ҳожатини чиқарган эркак бўйича маълумот берилди
13:06 / 06.11.2024