Мадридда янги қироллар, «Барса» эса шўнғимоқда. Испанияда ҳафта ўйинлари
Дам олиш кунларида Испания чемпионатида навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Фото: Twitter / La Liga
Испания: «Барса» чўкмоқда
«Осасуна» — «Барселона» — 2:2 (Давид Гарсия, 14. Авила, 86 — Нико Гонсалес, 12. Эззалзули, 49)
Афтидан, Хави инқироздаги «Барселона»ни қабул қилиш орқали қандай ишга қўл урганини ҳали аниқ англаб етгани йўқ, аммо кўк-анорранглиларнинг Мюнхендаги кўриниши ундаги пуштиранг кўзойнакни синдиргани тайин. Клубга яқин бўлган нашрлар хабарларига кўра, у танаффус вақтида овозини баланд кўтариб гапирган: «Айримларингиз «Барселона» учун ўйнаш нима эканини англаб етмаяпти». Ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги янграгач эса Хави журналистларга шундай деди: «Мен ранжидим ва реаллик мени ғазаблантирди. Аммо бугун янги эра бошланади — биз барчасини нолдан бошлаймиз».
Каталонияликлар клуби президенти Жоан Лапорта қишда таркибни кучайтириш учун барча ишни қилишини, аммо ҳозирда жамоа ихтиёридаги бор футболчилардан фойдаланишга тўғри келишини айтди. Таркиб жароҳатлар туфайли кучсизланиши давом этмоқда, сўнгги ўйинларда Жорди Альба ва Депай сафдан чиқди. Хави Люк де Йонг ҳам борлигини эслашга мажбур бўлди, аммо Гавининг ажойиб узатмасига нидерландиялик футболчи эмас, кутилмаганда марказий форвард позициясида пайдо бўлган Нико Гонсалес очилди. Аммо бу голдан кейинги хурсандчилик узоққа чўзилмади, «Барса» мудофаасидаги муаммоларни йўқотиб бўлмасди ва бу «стандарт» вазиятда тезкор жавоб голига олиб келди.
Ўйиннинг иккинчи бўлими мезбонлар ҳужумлари билан бошланди, аммо ҳакам памплоналик мухлисларни хафа қилди. Тўпни узоқлаштириш чоғида тўп Бускетснинг қўлига тегди, аммо арбитр ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатди ва вазият янги авлоднинг яна бир ёрқин вакили — 19 ёшли Эззалзулининг кучли зарбаси «тўққизлик»ка бориши билан якунланди. Аммо ёшлик — барқарорлик ва захирада куч етарли дегани эмас, ўйин охирида «Осасуна»да тажриба устунлик қилиб, Авила жамоага дуранг тақдим этди. «Барса» инқироздан чиқишига ҳали вақт бор, ҳозирча эса жамоа сўнгги 17 йилдаги энг ёмон стартини қайд этмоқда — 16 турдан кейин 24 очко.
«Реал» — «Атлетико» — 2:0 (Бензема, 16. Асенсио, 57)
ОАВ Карло Анчелотти ўз сардорининг соғлиги билан таваккалчилик қилмаслиги ҳақида ёзган бўлса-да, дерби арафасида Бензема сафга қайтди. Эндиликда бу миш-мишлар атайлаб тарқатилгандек кўринмоқда, чунки француз одатдагидек жамоани ўйинга сардорлик боғичини таққан ҳолда бошлаб тушди ва ўз одатини давом эттириб, йил бошидан буён 45-голини урди.
Бенземанинг Винисиус Жуниор билан тандеми — «Реал»нинг бу мавсумдаги асосий қуролига айланган ва шундай таассурот уйғонмоқдаки, бу жуфтлик бир-бирини телепатия даражасида яхши тушунади. Ўйин олдидан Ла Лиганинг ноябрь ойидаги энг яхши футболчиси учун аталган совринни қабул қилиб олган бразилиялик ажойиб узатмани амалга оширди, Бензема эса тўпни тўхтатмасдан зарба йўллаб, уни дарвоза тўрига жойлаштирди.
Шу билан бирга, «Атлетико» ўйинни мезбонлардан кўра фаолроқ бошлади, аммо Куртуа дарвозаси томон жиддий хавф юзага келтирилмади, фақат бўлим охирларида бельгиялик дарвозабон Гризманн ижросидаги жарима зарбасини «тўққизлик»ка киришдан қайтаришига тўғри келди. «Матрасчилар» унга бошқа жиддий қийинчилик туғдира олишмади, иккинчи бўлимда Винисиуснинг ўқув қўлланмаларига киритгулик узатмасидан кейин Асенсио Облакни доғда қолдирди.
Айни вақтда Ла Лигада «Реал»га рақобатчи жамоа йўқ, дербида 11 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаётган амалдаги чемпионлар эса қаймоқранглилардан 13 очкога ортда қолмоқда! Испанияга қайтган Анчелотти ўз фаолиятидаги яна икки вазифани уддалади: «Камп Ноу»даги ғалабадан кўп ўтмай илк бор «Атлетико»ни мағлуб этди.
«Атлетик» — «Севилья» — 0:1 (Дилэйни, 38)
Андалусияликлар Чемпионлар лигасидаги энг кучсиз гуруҳдан ҳам плей-оффга чиқа олмади, аммо ички биринчиликда улар учун барчаси яхши кетмоқда. Бильбаода жамоага омад ҳам кулиб боқди, танаффусгача «Атлетик» икки-уч гол фарқи билан устун келиши мумкин эди. «Севилья»ни биринчи бўлимда дарвозабон, дарвоза устунлари ва тўсини ҳамда мезбон футболчиларнинг хато зарба бериши қутқарди, лекин Дилэйни тўпни айлантириб, чиройли зарба билан «тўққизлик»ни аниқ нишонга олди. Бу гол жамоа учун етарли бўлди, майдон эгалари эса иккинчи бўлимда ҳам вазиятларни йўққа чиқаришда давом этишди. Бу тур якунларига кўра Хулен Лопетеги жамоаси иккинчи ўринни сақлаб қолди ва «Реал»ни қувишда давом этади. «Севилья»да битта захира ўйини ҳам бор.
«Бетис» — «Реал Сосьедад» — 4:0 (А.Морено, 14, 79. Хуанми, 57. Фекир, 66)
«Бетис»да ўзига хос анъана бор. Католикларнинг Рождество байрами арафасида мухлислар трибуналардан кейинчалик кам таъминланган оилалардаги болалар учун бериладиган ўйинчоқлар ирғитишади. Бу одатга кўп йиллардан буён амал қилиб келинади ва ҳар сафар катта таассурот қолдиради.
«Бетис» бу мавсумда ҳам одатини тарк этмади. Ўтган турда «Камп Ноу»да ғалаба қозонган жамоа темпни пасайтирмасликка қарор қилди. Бу муваффақият Мануэл Пеллегрини жамоасини янада руҳлантирди ва яқингача чемпионатда пешқадамлик қилиб келган «Реал Сосьедад» яксон этилди. Ўйинда икки голга узатма берган Виллиан Жозе собиқ жамоасини аямади, жамоа ҳимоячиси Морено эса бу ўйинда икки гол уриб, бир ассист муаллифи бўлди.
Хуанми эса мавсумни жуда самарали ўтказмоқда. У 17 турга келиб голлари сонини 10тага етказди, «Бетис» футболчилари 1982 йилдан бу қадар тезликда бундай натижага эришмаганди. Андалусияликлар ушбу тўпурари туфайли учинчи ўринда мустаҳкам ўрнашиб, «Севилья»даги ҳамшаҳарларини бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда, бор кучини Европа Лигасида гуруҳдан чиқиш учун сарфлаб қўйган басклар эса ички чемпионатда Чемпионлар лигаси квартетидан ташқарида қолиб кетмоқда.
Тавсия этамиз
Қайси тоифадаги талабалардан ўқишни тугатгунча гранти олиб қўйилмайди?
Ўзбекистон | 11:26 / 07.06.2025
Миллий жамоа аъзоларига BYD автомобиллари топширилади
Спорт | 16:14 / 06.06.2025
Трамп ва Маск очиқчасига уришиб кетди
Жаҳон | 12:05 / 06.06.2025
Янги Тошкент қанақа бўлади? Бош архитектор ва масъул шаҳарсоз билан суҳбат
Ўзбекистон | 17:07 / 05.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентнинг айрим кўчалари веломарафон сабаб вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 00:21
-
Туркияда сайёҳларнинг картасидан 29 млн доллар ўғирлаган гуруҳ аъзолари ушланди
Жаҳон | 22:58 / 07.06.2025
-
Илон Маск АҚШ президенти билан зиддият ортидан янги партия тузишни таклиф қилди
Жаҳон | 22:08 / 07.06.2025
-
Жеймс Кукнинг афсонавий Endeavour кемаси топилди
Жаҳон | 21:48 / 07.06.2025
Мавзуга оид

10:44 / 26.05.2025
Ҳакамнинг хатоси «Астон Вилла»ни, «Ювентус»нинг пеналтиси «Рома»ни ЕЧЛсиз қолдирди. Кун ўйинлари

09:45 / 25.05.2025
«Бернабеу» Модрич ва Анчелотти билан хайрлашди. «Реал» фанатлари кўз ёшларини тия олмади

20:38 / 22.05.2025
Модрич «Реал»ни тарк этади

11:33 / 19.05.2025