Ўзбекистон | 07:25 / 16.12.2021
3829
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бизнес омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда

Сенат ялпи мажлисида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун хусусий мулкка бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва мансабдор шахслар кўчмас мол-мулкига аралашув ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

Президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида бизнес омбудсманга тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган давлат идораси мансабдорларига нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколат бериш таклифи билдирилган эди.

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ мазкур муаммоли вазиятларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тадбиркорлар манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда.

Қайд этилишича, қонун қабул қилиниши хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқбузарлик профилактикасини кучайтиришнинг институционал механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид