Ўзбекистон | 12:05 / 09.08.2025
2700
4 дақиқада ўқилади

Инсон соғлиғига хавф туғдирадиган ҳолатларда текширувни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш мумкин – бизнес омбудсман

Назорат қилувчи органлар томонидан корхоналардан чиқаётган заҳарли моддалар, шунингдек, косметологик хизматлар кўрсатилишида инсон соғлиғига зарар етаётган ҳолатларда тадбиркорлар фаолиятида текширувлар ўтказишни бизнес омбудсман билан келишиш талаб этилмайди. Фақатгина текширув бошланганидан сўнг 24 соат ичида махсус платформа орқали хабардор қилиш талаби мавжуд.

Фото: Kun.uz

Kun.uz Ўзбекистонда косметология соҳаси назоратсиз ривожланаётгани ортидан кўплаб муаммолар юзага келгани ҳақида суриштирув эълон қилганди.

Кўрсатувда чиқиш қилган Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим мудири Дилбар Тўрахўжаева мутахассислар косметологик субъектларни мустақил тарзда бориб текшира олмаслигини айтиб ўтганди.

«Фақат ариза келиб тушган ҳолларда, унда ҳам аниқ фактлар бўлсагина, бизнес омбудсмандан рухсат олгандан кейин текшира оламиз. Косметологлар тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтгани учун уларнинг фаолиятига аралашишимиз мумкин эмас – бу қонунда белгиланган», деганди у.

Мазкур ҳолат юзасидан бизнес омбудсман Kun.uz’га қуйидагиларни маълум қилди:

2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар бизнес омбудсманни «Ягона давлат назорати» ахборот тизими орқали хабардор қилиш тартибида ўтказилмоқда, яъни текширувларни бизнес омбудсман билан келишиш тартиби тўлиқ бекор қилинган.

Инсон соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдирадиган ва шошилинч аралашувни талаб қиладиган ҳолатларда текширув бошланганидан сўнг 24 соат ичида махсус платформа орқали хабардор қилиш тартиби мавжуд.

Ташкилот Дилбар Тўрахўжаеванинг фикрларига ҳам шарҳ бериб ўтди:

«Биринчидан, амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлар фаолиятида текширув ўтказиш учун қуйидаги асослар мавжуд:

  • «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижалари;
  • аниқ фактлар;
  • ҳолатлар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиш хавфининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва ташкилотлари маълумотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар.

Яъни ноқонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектида бизнес омбудсман билан келишмасдан (рухсат олмасдан) хабардор қилган ҳолда текширув ўтказиш ваколати барча назорат қилувчи органларда мавжуд.

Иккинчидан, Ҳар бир назорат қилувчи орган «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимини жорий этиши белгиланган.

«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади. Хавф даражаси ўрта ва юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилиши ёки текширув ўтказилиши мумкинлиги кўзда тутилади.

Хавф даражаси бўйича мезонлар эса ҳар бир ташкилот томонидан амалдаги тартиб-қоидалардан келиб чиқиб белгиланади ва унинг шаффофлиги тадбиркор фаолиятини холис баҳолаш имконини беради.

Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, амалда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган 200 дан ортиқ СанПин қоидалари мавжуд бўлиб, Санэпидқўмита хавф даражаси ўрта ва юқори бўлган тадбиркорлик субъектларида доимий равишда тадбиркорлик субъектларининг ушбу талабларга мувофиқ иш олиб бораётганини текширишга ҳақли» , дейилади бизнес омбудсман изоҳида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид