Жаҳон | 19:44 / 21.12.2021
11238
2 дақиқада ўқилади

Асқар Акаевга нисбатан янги айбловлар эълон қилинди

Аввалроқ Акаевнинг ҳамкори Бекболот Талгарбеков собиқ давлат раҳбаридан барча айбловлар олиб ташлангани ва унга нисбатан жиноят иши тўхтатилганини айтганди.

Фото: РИА Новости

Қирғизистон собиқ президенти Асқар Акаевга нисбатан жиноят иши бўйича суриштирув давом этмоқда, бундан ташқари, унга нисбатан янги айблов эълон қилинган. Бу ҳақда ўз мухбирига таяниб Tengrinews хабар берди.

Аввалроқ Акаевнинг ҳамкори Бекболот Талгарбеков собиқ давлат раҳбаридан барча айбловлар олиб ташлангани ва унга нисбатан жиноят иши тўхтатилганини айтганди.

Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати Талгарбековнинг сўзларини рад этди.

«Тергов ишига алоқадор бўлмаган, иш бўйича аниқ маълумотга эга бўлмаган айрим шахсларнинг бундай баёнотлари жамоатчиликни чалғитади», — дейилади қўмита раддиясида.

Маълум қилинишича, Асқар Акаевга нисбатан 1992 йилда «Камеко» компанияси билан келишув ва 2003 йилда «Қумтор» лойиҳасини реструктуризация қилиш ишлари бўйича янги айбловлар эълон қилинган.

«Алоҳида қайд этиш жоиз, Асқар Акаев юқоридаги жиноятларни содир этганига тўлиқ иқрор бўлди ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда, унинг мамлакатдан чиқиши Бишкекка келиши каби терговчи билан аввалдан келишилмоқда. Жиноят иши бўйича тергов ишлари давом этмоқда», — деб маълум қилган Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.

Шу йилнинг май ойида мамлакат миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қумтор конини ўзлаштириш билан шуғулланган “Кумтор голд компани” корхонаси вакилларига нисбатан 4та жиноят иши қўзғатганди. Қўмита раҳбари Қамчибек Ташиевнинг таъкидлашича, ушбу иш доирасида хавфли моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш, тупроқ ва атмосферани ифлослантириш, музликларни йўқ қилиш, суғурта ва солиқ қонунбузарликлари билан боғлиқ ҳолатлар тергов қилинмоқда.

Мавзуга оид