Ўзбекистон | 13:52 / 21.12.2021
10676
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда чангли ҳаво кузатилмоқда. ССВ бундай шароит учун тавсияларини берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўрилганини маълум қилди. Қашқадарё вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёт бўлиб ҳаракатланишни сўрамоқда.

Бугун эрталабдан Қашқадарёнинг бир қанча туманларида ва Қарши шаҳрида чанг бўронлари кузатилмоқда. Оқибатда йўлларда кўриш даражаси пастлаган.

Гидрометеорология хизмати 21 декабрь куни шамол тезлиги баъзи жойларда 25-28 метр/секундгача кучайиб,  Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва республиканинг чўл ҳудудларида чанг бўрони ва ғуборлар кўтарилишини прогноз қилганди. Айни пайтда республиканинг айрим ҳудудларида ушбу табиат ҳодисаси кузатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур чоралар кўрилганини маълум қилди. 

«Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13та филиали ҳамда 179та аҳоли пунктида жойлашган субфилиаллари домий шай ҳолатда. 

Бундан ташқари, мамлакатимиз бўйлаб 2861та тез тиббий ёрдам бригадаси зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимида фаолият кўрсатаётган қарийб 17 минг нафарга яқин шифокор ва 52 минг нафардан зиёд ҳамшираларга зарур кўрсатмалар берилган. 

Қолаверса, аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли Саll-маркази малакали мутахассисларидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича тун-у кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин. 

Хусусан, бундай вазиятда нафас йўли сурункали касалликлари бор юртдошларимизга чангли ҳавода ташқарига чиқмасликларини тавсия қиламиз», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Фото: Twitter/@davletovuz
Фото: Telegram/Qashqadaryoru

Фото: Telegram/Qashqadaryoru

Тавсиялар:

  • Хона ёки иншоотларни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, бундай вазиятда нам сочиқларни осиб қўйиш, кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқатади.
  • Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш ҳам катта самара беради. 
  • Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади. 
  • Агар юртдошларимизда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишлари лозим.

Қашқадарё вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёт бўлиб ҳаракатланишни сўрамоқда.

Мавзуга оид