Ўзбекистон | 15:08 / 21.12.2021
5298
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда қурилиш устидан қатъий назорат ўрнатилади – Ғофуржон Мирзаев

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев 2021 йил 20 декабр куни ўтказилган 2021 йил якунлари ва 2022 йилги режалар бўйича халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида бу ҳақда маълум қилди.

2022 йилда Сирдарё вилоятида қурилишлар устидан қатъий назорат ўрнатилади. Хусусан, давлат дастурларини шакллантириш ва қурилиш пудрат ишларини амалга оширишдан лойиҳаларни ишга туширишгача бўлган жараёнларни сифатли ташкил этиш бўйича масъулиятни сектор раҳбарлари, ҳокимлар, қурилиш ташкилотлари ўз зиммасига олади ва жамоатчилик назорати ўрнатилади. Жамоатчилик фикри ўрганилади. Ҳар бир қилинаётган иш метрлаб, тийинлаб, халқнинг пули эканлигини, ҳалоллик ва адолат тушунчасини унутмаслик лозим.

«Ўйлайманки, ҳозир бу ерда ўтирганлар, туман (шаҳар) студияларида ўтирганлар ва айниқса қурувчилар буни яхши ўрганишади. Чунки кейинги йилда амалга ошириладиган ишларни бугундан бошлаб ўрганмасак қурилишларимиз ортга сурилади. Тендерларни тезлатиш, ижтимоий объект бўладими, кўча ёки сув таъминоти бўладими ҳаммасини бугундан ўрганишни бошлаш керак», деди Ғофуржон Мирзаев.

Тасдиқланган лойиҳаларга ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритилмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилади. Сектор раҳбарлари томонидан тегишли ҳудудларда лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан ҳар ойда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ҳисобот киритиб борилади.

Келгуси йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурига киритиладиган ҳудудлар ҳозирдан хатловдан ўтказилади. Эртага «Мана бу кўча қолиб кетган экан», «Мана бу маҳаллага сув олиб кириш қолиб кетган экан», «Мана бу кўчага симёғоч ўрнатилмаган экан» деган гап бўлмайди.

Шунингдек, вилоят ҳокими ўз нутқида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси фаолиятини танқид қилди. Ижтимоий объектлар қурилиши кечикаётганлиги ва сифатсиз қурилаётганлигида лицензиясиз қурувчилар ва мавсумий ишчилардан, бошқа компанияларнинг техникасидан фойдаланилгани сабаб бўлгани ҳақида айтиб ўтди.

Шуҳрат Юнусов
Тайёрлаган Шуҳрат Юнусов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид