Ўзбекистон | 10:12 / 22.12.2021
9044
2 дақиқада ўқилади

Норин тумани ҳокими Косонсой туманига раҳбар этиб тайинланди

Бугун, 22 декабрь куни халқ депутатлари Косонсой туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, сессияда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди ва туманнинг собиқ ҳокими Баҳодир Юсупов Ўзбекистон президентининг Наманган вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинлангани муносабати билан туман ҳокимлигига янги раҳбар номзодини илгари сурди.
 
Сессияда туманнинг янги ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов томонидан тақдим этилган Дилмурод Қодиров номзоди Косонсой туман депутатлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Бугунги кунга қадар Норин тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Дилмурод Қодиров туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастурини туман кенгашида тақдимот қилди.

Халқ депутатлари туман кенгаши томонидан Дилмурод Қодиров туман ҳокими этиб тасдиқланди, дейилади хабарда.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Дилмурод Қодиров 1972 йил 26 апрель куни Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1993 йили Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Мутахассислиги олим-агроном.

У 2017 йил 17 майдан буён Норин тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

2021 йил август ойида Президент фармони билан «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Аввалроқ, Косонсой тумани ҳокими Баҳодир Юсупов президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинлангани маълум бўлганди.

Мавзуга оид