Ўзбекистон | 12:18 / 22.12.2021
11687
2 дақиқада ўқилади

Норин туманига янги ҳоким тайинланди

Косонсой тумани ҳокимлигига ўтказилган Дилмурод Қодиров ўрнига Жўрабек Нурматов Норин тумани ҳокими сифатида иш бошлади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Бугун, 22 декабрь куни халқ депутатлари Норин туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, туманнинг собиқ ҳокими Дилмурод Қодиров Косонсой тумани ҳокими лавозимига тайинлангани муносабати билан туман ҳокимлигига янги раҳбар номзодини таништирди.
 
Норин туманида ишсизликка барҳам бериш, тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига инновацияларни татбиқ этиш, ижтимоий соҳага эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, сессияда туманнинг янги ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокими томонидан тақдим этилган Жўрабек Ҳамидович Нурматов номзоди Норин туман депутатлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Бугунги кунга қадар Норин тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жўрабек Нурматов туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Йўл харитасини туман Кенгашида тақдимот қилди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан Жўрабек Нурматов туман ҳокими этиб тасдиқланди.

Жўрабек Нурматов 1979 йил 30 июль куни Норин туманида туғилган. Маълумоти олий, 2003 йил Андижон қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган. Мутахассислиги ҳисобчи-аудитор.

У 2020 йилдан буён Норин тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Маълумот учун, Дилмурод Қодиров 2017 йил майидан буён Норинга раҳбарлик қилиб келаётганди.

Мавзуга оид