16:40 / 22.12.2021
4484

Танқидга тезкор муносабат: Улуғбек посёлкасидаги маҳалла чиқиндидан тозаланди

Kun.uz'нинг “Абгор манзиллар” рукнида ёритилиши ортидан, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек посёлкасидаги маҳалла ҳудудидан чиқинди уюмлари олиб кетилди. Туман ҳокимлиги аҳолидан бу ерга бошқа чиқинди ташламасликни сўрамоқда.

Фото: Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги

“Мирзо Улуғбек” МФЙ ҳудудидаги чиқиндизор ободонлаштирилган маҳалла кўркини бузиб турган эди.

Маҳалла раиси Абдуқаҳҳор Қурбонов чиқинхонага айланган жой аввалроқ тозалангани, лекин одамларнинг ўзлари у ерга яна чиқинди ташлаб, шу ҳолга келтириб қўяётганини айтганди.

Фото: Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги

“Яна бир муаммо – ўша ер Қибрай тумани билан туташ жой ва ўша тумандагилар қурилиш чиқиндисини тўкиб кетаётган ҳолатлар бор. Чиқиндини МСП – чиқинди йиғиш пункти қабул қилмайди, шунинг учун кўчага ташлаб кетишади”, – дея таъкидлаганди маҳалла раиси.

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги аҳоли вакилларини тозаланган ҳудудни тоза сақлашга чақирди.

“Kun.uz сайти орқали “Маҳалладаги чиқиндизор ва бетонланган дарахтлар – Абгор манзиллар” сарлавҳаси остида Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек шаҳарчаси манзили танқид остига олинган эди.

Ушбу манзилда бугун ободонлаштириш ишлари олиб борилди ва ҳудуддаги чиқиндилар бартараф этилганини маълум қиламиз. Шу ўринда аҳолидан ушбу жойга турли хил чиқиндиларни ташламасликларини ва ҳудуд ободлиги учун улар ҳам масъул эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Айнан шу манзилда пиёдалар йўлагида жойлашган ёритиш чироқлари “бетон” симёғочнинг синиши аҳоли учун жиддий хавф солиши мумкинлигини инобатга олиб тегишли ташкилот томонидан тез орада бартараф этилишини маълум қиламиз”,дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Айни пайтда мақолада ёритилган иккинчи манзил – Қорасув каналининг Яшнобод тумани ҳудудидан ўтган қисмида дарахтлар ости бетонлаб ташлангани бўйича масъуллар изоҳ берганича йўқ.

Top