Ўзбекистон | 17:37 / 26.12.2021
21759
6 дақиқада ўқилади

«Бардакни давом эттирадиган концепция» – блогерларнинг ҳафта мавзулари

Якунланган ҳафтада ўзбек блогосферасида яна қатор мавзулар муҳокама марказида бўлди.

Фото: Kun.uz

Пиёдаларга ўрин йўқ концепция ҳақида

Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси эълон қилинди. Концепция танқидларга сабаб бўлди. Хусусан, Davletov.uz канали унда пиёдаларга ўрин йўқлигига эътибор қаратди.

«Концепция шунақа ёзилганки, Тошкент йўл-транспорт тузилмасида пиёдага гўёки ўрин йўқ. Ҳужжат лойиҳасида пиёда ҳақида қарийб (2-3та мавҳум тадбирни айтмаса) сўз бормаган. Бу ҳужжатни ёзганлар пиёда юришмаса керак. Жамоат транспорти бўйича таклиф қилинаётган чора-тадбирлар ҳам бир марталик чораларга ўхшайди, бу чоралар ҳозирги бардакни яна давом эттирса эттирадики, тубдан ўзгартирмайди», деди канал муаллифи.

Блогер Отабек Бакиров эса «жамоат транспортини ривожлантиришда қиммат усуллардан фойдаланилаётгани»га урғу берди.

«Кейинги йилларда пойтахтда жамоат транспорти билан боғлиқ аҳвол фақат оғирлашиб бораяётгани, жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўйишда нисбий афзаллиги юқори бўлмаган ва энг қиммат усуллардан фойдаланилаётгани кўп танқид қилинди. Хусусан, экспертлар ва фаоллар Тошкентда трамвай ҳаракатини тиклаш тўғрисида кўплаб мулоҳазаларни баён этдилар.

Лекин таклиф этилаётган лойиҳада бу инобатга олинмаган.

Айни пайтда такси хизмати кўрсатиладиган ҳаракат таркиби тўлиқ электромобилларга ўтказишни кўзда тутишмоқда (кимдир электромобиллар баҳонасида такси хизматини ўзи эгалламоқчига ўхшайди).

Қарийб 27 млрд сўмга бекатларнинг дизайнини янгилашмоқчи (Ахир Тошкент чиновниклари учун бундан муҳимроқ иш борми?) 180 млрд сўмга «Ақлли бекат» (SmartBUS STOP) тизимини ташкил этишмоқчи.

Концепция ижроси бўйича комиссияга жаноб Раматов раҳбарлик қилади.

Лойиҳа билан танишинг, фикр билдиринг. Сиз учун бошқаси келиб бу ишни қилиб бермайди», деб ёзди у.

«Майда коррупцияга янги форточкалар» рукнидан

Якунланган ҳафтада Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг «бир кило вазн ташлаган одамга 500 минг сўмдан бериш» ҳақидаги гаплари муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳажвий мемлари билан машҳур «Раис бува» канали «Тез орада Фарғона поликлиникаларида» сарлавҳаси остида карикатура эълон қилди.

Жамоат боғи жамоатники!

«Заметки экономиста» канали муаллифи Ботир Қобилов инвесторларга жамоат боғларининг берилишига эътибор қаратди.

«Қуйидаги жумлани кўп эшитдим: «Жамоат боғи инвесторга инвесторлик мажбуриятлари асосида берилди».

Мана шу гапнинг ҳар бир сўзида хато бор экан:

– жамоат боғи жамоатники ва ҳар доим жамоатда қолиши керак, шахсий қўлларда эмас. Жамоат боғига тажовуз мустақиллик ва инсонларнинг эркинлигига тажовуз каби нарса;

– инвесторга ҳеч нарса «берилиши», ҳадя қилиниши керак эмас. Умуман олганда, ҳар қандай активлар уни энг қадрлайдиган инвесторга энг асосий восита – нарх орқали тегиши керак

– инвесторлик мажбурияти деган амалиётдан умуман воз кечиш керак, айниқса давлат активларини нол-бир сўм қийматда сотилишини (ўқилсин: ҳадя қилинишини)», деб ёзди у.

Янги қўмита, янги агентлик, янги вазирлик...

Иқтисодчи Миркомил Холбоев иқтисодиётда давлат улуши камайтирилишига урғу берилса-да, янгидан янги вазирлик, агентликлар очилиши давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини ошираётганига эътибор қаратди.

«Охирги йилларда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви яна фаоллашиб қолди. Бу тенденцияни давлат секторида банд бўлганларнинг улуши ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Нодавлат секторнинг умумий иш билан банд аҳолига нисбатан улуши эса, табиийки, камайиб бормоқда (нодавлат сектори бу тўлиқ хусусий секторни англатмайди, бу ерда ҳам давлатнинг улуши қисман бор, лекин тасниф бўйича айнан шунақа олинган).

Жорий йилнинг учинчи чорагидаги маълумотларга кўра, давлат секторида банд бўлганлар умумий банд аҳолининг 19,2 фоизини ташкил этган экан. 2020 йилнинг учинчи чораги билан таққослаганда бу кўрсаткич 0,4 фоизга пасайган. Лекин биринчи чорак ёки 2020 йил тўртинчи чорагида (қисман доимий мавсумийлик мавжуд) давлат секторида банд бўлганларнинг умумий иш билан банд аҳолидаги улуши мос равишда 18,6 фоиз ҳамда 18,7 фоизни ташкил этган. Ҳамда давлат секторининг иш билан таъминлашдаги улуши ҳозирги кўрсаткичдан мос равишда 0,6 фоиз ҳамда 0,5 фоизга пастроқ бўлган.

Агар узоқроқ даврни таққосласак, 2017 йилнинг III чорагида давлат секторида банд бўлганларнинг умумий иш билан банд аҳолидаги улуши 17,8 фоиз кўрсаткични ташкил этган. Яъни давлатнинг аҳолини иш билан таъминлашдаги роли 4 йил олдин ҳозирги кундагидан 1,4 фоизга пастроқ бўлган. 2017 йилдан кейин давлатнинг иш билан таъминлашдаги роли доимий равишда ошиб борган, 2020 йилдаги пандемия эса бу жараён одатдагидан анча тезлашишига хизмат қилган.

Бир йил олдинги кўрсаткичлар билан таққослаганда, давлатнинг иш билан таъминлашдаги роли бироз пасайган бўлса-да, узоқроқ муддатли даврни олиб қараганда бу рол ошиб бораётганини кўриш мумкин (масалан, 2017 йил билан таққослаганда)», - дейди муаллиф.

У давлат секторининг ролини камайтириш ҳақида жуда кўп гапирилиши, лекин 4 йил олдинги кўрсаткичлар билан таққосланса, давлатнинг иш билан таъминлашдаги улуши сезиларли даражага ошиб улгурганини таъкидлаган.

«Балки, ҳар куни янги қўмита, янги агентлик, янги вазирлик очишни тўхтатиш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир. Ана шунда давлатнинг аралашувини камайтириш бўйича айтилаётган гаплар оз бўлса-да амалда ўз ифодасини топган бўлармиди», деб қўшимча қилган у.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид