19:32 / 26.12.2021
28607

Ходимини ҳақоратлагани ортидан ишдан олинган Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари “участкавой”лик қилмоқда

Собиқ профилактика инспектори Нозимжон Нишоновнинг вазирга йўллаган видеомурожаати ва интернетдаги кетма-кет чиқишлари ортидан вазифасидан озод этилган Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Азиз Аҳмаджонов бугунги кунда Тошлоқ туманидаги маҳаллаларнинг бирига “участкавой”ликка тайинланган.

25 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманидан сўнг Kun.uz мухбирининг қувалик собиқ инспектор билан боғлиқ хизмат текшируви натижаси ҳамда майор Аҳмаджоновнинг ишдан кетгани нима учун расман эълон қилинмаётганига жавобан Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Дониёр Тошхўжаев аудио интернетда тарқалгач, Аҳмаджоновни лавозимидан олиб, оддий профилактика инспектори лавозимига тайинлаш тўғрисида тақдимнома киритилганини маълум қилди.

“ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев ҳам бу борада интервью берди. Майор Аҳмаджонов мана шу ҳолат сабаб ишдан олинди. Бундан аввал лавозимидан олиш учун асос бўлмаган.

Собиқ профилактика инспектори Нозимжон Нишонов томонидан ёзиб олинган аудиоёзув чиққанидан кейин биз майор Аҳмаджоновни лавозимидан олиб, оддий профилактика инспектори лавозимига тайинлаш тўғрисида тақдимнома киритганмиз. Бу биз учун жиноий иш ёки ички ишлар идораларидан ҳайдаш учун етарли асос эмас. Раҳбар бўлиб туриб шундай гапларни гапириши, ҳақорат қилиши, сўкиши ҳаммаси.

Лекин шу билан бирга бу жиноят бўладими, жиноий тартибга тортадими йўқми, хизмат текшируви учун прокуратурага берилди. Агар прокуратура мазкур ҳолатда жиноят аломатлари бор, деб топса ва жиноий жавобгарликка тортилса, суд ҳукмига асосан биз ходимни ички ишлар тизимидан бўшатамиз. Ҳозирда майор Аҳмаджонов Тошлоқ туман ИИБда профилактика инспектори бўлиб ишлаяпти”, деган Тошхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, Қува тумани Байналмилал маҳалласи профилактика инспектори лавозимида ишлаган, айни пайтда вазифасидан четлаштирилган собиқ ходим Нозимжон Нишонов 9 ноябрь куни Facebook орқали ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда вазирликнинг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Мухтор Мирзаевга видеомурожаат билан чиққанди. Видеомурожаатда у майор Аҳмаджонов профилактика инспекторларини молхонаси қурилишида ишлатгани, улардан 55 минг сўмдан пул йиғиб олгани, ҳайдовчиларни жаримага тортиш бўйича “план” белгилаганини айтганди.

Майор Азиз Аҳмаджонов

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервьюсида хизмат текширувлари давомида Қува тумани ички ишлар бўлими раҳбарларининг тамагирлиги, профилактика инспекторларини молхона қурилишида ишлатгани билан боғлиқ фактлар тасдиғини топмаганини айтганди.

Бироқ шундан кейин собиқ инспектор навбатдаги видеомурожаат билан чиқди. Видеода Қува тумани ИИБ раҳбарларидан бири дейилаётган шахс инспекторни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани, унга таҳдид қилгани эшитилади.

Шу пайтга қадар ИИВ ёхуд вилоят ИИБ томонидан мазкур ҳолат бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижалари жамоатчиликка ошкор қилинмаганди. Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов хизмат текшируви якунланмагани боис майор Азиз Аҳмаджонов ва бошқа мансабдор шахсларнинг лавозимидан четлаштирилганини тасдиқлай олмаслигини, текширув якунлари бўйича расмий маълумот берилишини маълум қилганди.

Kun.uz ўз манбаларига таяниб, Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Азиз Аҳмаджонов 28 ноябр куни вазифасидан четлатилгани, шунингдек, интернетда тарқалган видеомурожаатларга алоқадор барча ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани, бу текширувлар натижасида Қува тумани ички ишлар бўлимининг яна бир нечта мулозими интизомий жавобгарликка тортилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.

Top