Business class | 19:07 / 28.12.2021
361947
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги энг катта пицца — Little Italy мисолида пиццерия бизнеси

Ресторан бизнесида Ўзбекистон бозори учун нисбатан янгилик саналувчи пиццериялар – “Бизнес класс”нинг навбатдаги мавзуси. Кўрсатув давомида Ўзбекистондаги энг катта пиццани бирга тайёрладик. Little Italy асосчиси Хуршид Аҳмедов АҚШда орттирган тажрибаси ва бу бизнеснинг нозик томонларини сўзлаб берди.

Little Italy пиццерияси Тошкентнинг “Самарқанд дарвоза” савдо марказида жойлашган. Кўрсатув давомида пицца тайёрлаш сирлари ва нозик жиҳатлари, пиццахона бизнесини бошлаш шартлари ва талаблари, махсус ускуналар, техникалар ва печлар билан яқиндан танишдик. Моҳирона ҳаракатланиш, талабчанлик ва озодаликка эътибор қаратиш ресторан бизнесида энг муҳим жиҳатлар эканини кўрдик.

Little Italy асосчиси Хуршид Аҳмедов “кичкина Италия”нинг Ўзбекистонга кириб келиши ва америкалик устози Салвадоре Оливера ҳақида сўзлаб берди.

“2002 йил Шарқшунослик институтини тамомладим. Кейин дўстларим билан четда, Буюк Британияда 3 йил ўқидим. Бу вақтда барибир ишлашга тўғри келади, пицца етказиб берувчи сифатида ишладик. Бир йили АҚШда ўқишни давом эттириш имкони туғилиб, “сеҳрли диёр”га жўнаб кетдим.

Талабалик пайтларим, 2005 ва 2015 йиллар оралиғида АҚШда пиццахонада ишладим. Устозим Салвадоре Оливера ўғли йўқлиги, қизлари эса бизнесга қизиқмагани учун пиццахонани бизга топширди. Оддий помидордан соус, ундан хамир ва пицца тайёрлашнинг барча сирларни ўргатди. Узоқ муддатли тўлов эвазига унинг номига очилган пиццерияни биз юрита бошладик.

2008 йили АҚШда иқтисодий инқироз кузатилган бўлса-да, биз учун омадли бўлди. Ўша йили иккинчи, 2011 йили эса учинчи филиалимизни очдик. Қўлимизда 70-80 киши ишларди. Баъзилари ўзбеклар, аксарияти маҳаллий америкаликлар эди. Ўша вақтларда шу пиццани қисмларга бўлиб сотиш концепциясини Ўзбекистонга олиб кириш ҳақида ўйлардим. Мана ҳозир бизнинг халқда ҳам пицца маданияти шаклланган экан, бизнес ғояни амалга оширишга киришганмиз. Ўзимизга яраша мижозлар орттиришга эришдик”, – дейди у.

Нега Little Italy етказиб бериш хизматига урғу бермайди?

Хуршид Аҳмедов Little Italy нега етказиб бериш хизматига қизиқиш билдирмаслигини тушунтириб берди. Унинг айтишича, етказиб бериш жараёнида инсон омили муҳим аҳамиятга эга, яъни пицца кўнгилдагидек пиширилган тақдирда ҳам, уни мижозга курьер ёки элтувчи орқали бериб юбориш ҳолатларида назоратни йўқотиб қўйиш мумкин.

“Қандай ва қанча муддатда етказиб бориши маҳсулот сифатига таъсир қилишидан қўрқаман. Идишга солинган пицца ўзининг парида 20 дақиқа қолиши туфайли у бутунлай бошқача таъмга айланади. Пиццерияда еган билан, уйда истеъмол қилганнинг ер билан осмонча фарқи бўлади.

Қачондир Тошкент бўйлаб 15-20 та филиал очсак, етказиб бериш хизматини ҳам, балки, йўлга қўярмиз. Ўшанда ҳам талаб бор – пиццерия ўзидан 3 километр радиусдаги мижозларга олиб борилиши мумкин”, – дейди пиццапаз.

Ўзбекистондаги энг катта пиццани тайёрладик

Жараён давомида биз 3 хил пицца таркибини мужассам қилган ҳолда битта катта пицца тайёрладик. Тахминан 10 килограмм чиқадиган таом савдо маркази меҳмонларига бепул тарқатилди. Улардан пицца ҳақида фикрлар жамланди. 20 дақиқага ҳам бормай тугаб кетган пицца ҳақида асосан ижобий фикрлар янгради. Фақатгина битта аёл пиццанинг ости озгина куйганини айтди. Биз буни пиццахона раҳбарига етказганимизда, у йиллар давомида оддий аҳоли хом пицца ейишга ўргатиб қўйилганини, аслида пицца таги худди нон каби қизариб-қизариб пишиши кераклиги, шундагина жиғилдонни безовта қилмаслигини билдирди.

Кўрсатув сўнгида Хуршид Аҳмедов пиццахона келажаги ҳақида гапираркан, Little Italy брендини янада танитиш, Тошкент бўйлаб янги нуқталар очиш мақсад қилиб олинганини айтди. Шунингдек, у бўлажак тадбиркорларга маслаҳат берди ва бизнес бошлашга барча имкониятлар борлигини, улардан фақатгина унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

“Бизнес класс” лойиҳасининг ўзига хос жиҳатларидан бири бу – сонлар ва нархларга алоҳида эътибор қаратилиши. Бизнесга оид рақамлар: ойлик маош, даромад, ижара ҳақи, ускуна-жиҳозларнинг нархлари ва соф фойда ҳақида видеода батафсил маълумот берилган. Кўрсатувни YouTube'да тўлиқ томоша қилинг ва видео остига ўз фикрингизни қолдиринг! Энг қизиқарли ва креатив изоҳ эгаси деб топилган беш кишига Little Italy брендидан 100 минг сўмлик ваучер тақдим этилади. Муддат – 2022 йилнинг 1 февралигача.

“Бизнес класс”ни кузатиб боринг, келгуси сон Ўзбекистондаги логистика хизмати ва бу стартапни бизнесга айлантирган компания ҳақида бўлади.

Муаллифлар:
Элдор Воҳидов,
Афзалбек Муҳаммаджонов

Тасвирчилар:
Маҳмуд Солиев,
Нуриддин Нурсаидов

Монтаж устаси:
Хайриддин Айюб

Little Italy пиццерияси манзили: Тошкент шаҳри, “Самарқанд дарвоза” савдо маркази, 5-қават

Телефон: +998 71 205 55 66

Мавзуга оид