Ўзбекистон | 11:25 / 29.12.2021
8394
2 дақиқада ўқилади

Канада Ўзбекистонда виза маркази очишни режалаштирмоқда

Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи Вашингтонда) Жавлон Ваҳобов Оттавада ушбу мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Евросиё бўйича бюроси бош директори Хайди Куц, ташқи ишлар вазирининг Европа, Яқин Шарқ ва Мағриб масалалари бўйича ўринбосари ёрдамчиси Сандра Маккарделл, Афғонистон ва Покистон департаменти ижрочи директори Кристофер Гиббинс билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Бош директор Хейди Куц билан учрашув чоғида Канада олий ва юқори даражадаги сиёсий алоқаларни фаоллаштиришдан манфаатдор экани қайд этилди. Канада ТИВ вакили йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш, шунингдек, турли даражадаги сиёсий мулоқотлар даражасини ошириш ва ўзаро алмашинувларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади. У 2022 йилда Тошкентда сиёсий маслаҳатлашувларнинг 9-раундини ўтказиш учун Канада делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари, Канада вакили Ўзбекистон устувор ҳамкор давлатлар қаторига киритилгани, мамлакатда Канада виза марказини очиш режалаштирилаётгани ва дунёда эпидемиологик вазият юмшаши билан бу ҳақда қарор қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари ёрдамчиси Сандра Маккарделл билан учрашув чоғида икки томонлама ва ҳудудлараро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Афғонистон ва Покистон департаменти ижрочи директори Кристофер Гиббинс билан музокаралар чоғида Афғонистондаги вазият юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Кристофер Гиббинс Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги мураккаб гуманитар вазиятни юмшатиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлади ва афғон халқига биргаликда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни батафсил муҳокама қилиш учун Ўзбекистон билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини тасдиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид