Ўзбекистон | 07:33 / 29.12.2021
13788
1 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги қурилиш майдончасида иккита артиллерия снаряди топилди

Яккасарой туманидаги қурилишда ўқув машғулотларига мўлжалланган ўқ-дорилар топилди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда қурилаётган объектда иккита артиллерия снаряди топилгани тўғрисидаги видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 2021 йил 27 декабрь куни 102 рақамига Қашқадарё вилоятида туғилган, 26 ёшли фуқаро Ш.Т.дан хабар келиб тушган. Унинг гапига кўра, таниши, 29 ёшли А.М. билан биргаликда Яккасарой туманида қурилаётган объект ҳудудида шубҳали, артиллерия аслаҳаларига ўхшаш занглаган буюмлар топган. У тезкор хизматларга хабар берган.

Кўрсатилган манзилга Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ИИВнинг махсус мутахассислари билан биргаликда етиб борган. Текширув ўтказилгач, топилган буюмлар ўқув машғулотлари давомида фойдаланишга мўлжалланган иккита 115 миллиметрлик ўқув снаряди ва иккита 82 миллиметрлик ўқув миномёти экани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид