Термиз шаҳрига снаряд отишда қатнашган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 1978 йилда туғилган Обид Сапаров 2013 йил 11 июнда ишлаш мақсадида Россиянинг Уфа шаҳрига борган. У ҳудуддаги қурилиш объектларида ишлаган. Бу даврда у “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотининг Уфа шаҳри жамоати масъулларидан бирининг таъсирига тушиб қолган.

Обид Сапаров Уфа шаҳрида ижарага олинган хонадонларнинг бирида “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотининг “Жундуллоҳ” тарғибот студиясида тайёрланган аудио ва видео материалларни эшитиб келган. Ушбу материалларда Тоҳир Йўлдошевнинг ҳар бир мусулмон ҳижрат қилиши фарз экани, араб диёрларига бориб кофирларга қарши “жиҳодий” ҳаракатларда иштирок этган ҳолда “шаҳидлик” мақомига эришиш кераклиги, шариат қоидаларини ҳаётга татбиқ қилиш учун Афғонистон ва Покистон ҳудудида жойлашган махсус ҳарбий муҳожирлик лагерларига чиқиш лозимлиги тўғрисидаги даъватлари ёзилганди.

Обид Сапаров дастлабки терговда алоҳида иш юритувга ажратилган шахслар билан биргаликда “Туркистон ислом ҳаракати” сафига қўшилиш мақсадида 2013 йилда йўловчи автобусда Озарбойжондан Эроннинг Зоҳидон шаҳрига, 2014 йил март ойида эса Афғонистон орқали Покистоннинг Вазиристон минтақаси Мирали шаҳрига ўтган. У халқаро террористик ташкилот сафида ўзига “Хаббоб” тахаллусини олган. Обид Сапаров диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этганлиги аниқланган.

Обид Сапаров 2014 йил июнда Покистоннинг Шовол тоғли ҳудудида “Туркистон ислом ҳаракати”га тегишли жангарилар тайёрлаш ҳарбий дала лагерида “Усома” ва “Луқмон” тахаллусли ҳарбий инструкторлар раҳбарлигида жанг олиб бориш амалий маҳорати ва кўникмаларини эгаллаган. У қурол-яроғ ва портлатиш қурилмалари билан муомала қилиш усулларини ўрганган.

Бундан ташқари, Сапаров 2013-2015 йилларда Покистон ва Афғонистон ҳудудида “Туркистон ислом ҳаракати”нинг моддий таъминоти остида бўлган лагерларда истиқомат қилиб, террористик ташкилотнинг “Таъминот” марказида фаолият олиб борган. Шундан сўнг, 2016 йил бошида “Туркистон ислом ҳаракати” турли гуруҳларга бўлиниб, ўз фаолиятини тўхтатгач, Обид Сапаров Афғонистондаги “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилотининг “Ислом давлати Хуросон вилояти” тармоғига қўшилган. 2016-2024 йилларда мазкур террористик ташкилотнинг моддий таъминоти остида Афғонистон ва Покистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилган. У дастлаб “ансорлик”, яъни халқаро террористик ташкилот сафига янги қўшилганларни кутиб олиб, уй-жой билан таъминлаш вазифасида, кейинчалик эса медиа марказида фаолият олиб борган.

Хусусан, Обид Сапаров медиа марказдаги фаолияти давомида террористик ташкилотнинг Telegram каналидаги радио эшиттиришларида чиқишлар қилган. У ўз чиқишларида Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга очиқдан-очиқ даъват қилган.