Жаҳон | 16:29 / 02.01.2022
44437
8 дақиқада ўқилади

Қуролланиш пойгаси: Россия ва АҚШда қанча ядровий бомба бор?

Иккинчи жаҳон урушини иттифоқдош сифатида якунлаган АҚШ ва СССР қисқа вақт ичида аввал ғоявий, кейин ҳарбий-иқтисодий душманга айланиб қолишди. Айниқса, АҚШнинг Японияга қарши атом бомбасини қўллаши энди урушлар бутунлай янги қиёфа касб этишини, миллионлаб аскарлар эришолмаган ютуқни битта қуролнинг ўзи эгаллаб олиши мумкинлигини кўрсатди. Иккинчи жаҳон уруши якуни яна бир давр – қуролланиш пойгаси, бугунга қадар давом этаётган совуқ уруш даврига уланиб кетди.

F-35A қирувчи самолёти. Фото: Zuma/ТАСС

Кўпчиликни бир савол қизиқтиради – атом бомбалар ҳақида гап кетаркан, бу борада АҚШ кучлими ёки СССРнинг ҳуқуқий ва ҳарбий вориси ҳисобланган Россиями? Экспертлар бу саволга қуйидагича жавоб беришган: «Тасаввур қилинг, сиз ва душманингиз бензин тўла идиш ичидасиз. Сизда учта гугурт бор, душманингизда эса бешта. Хўш, битта чақин билан ҳамма ёниб кетиши мумкин бўлган урушда гугуртлар сонининг энди нима аҳамияти бор?»

Чиндан ҳам айни пайтда дунёдаги атом қуроллари сони шу даражадаки, бутун ер юзини кунпаякун қилиб ташлаш учун етарли. Аммо қудратли мамлакатлар бундай қуролларини мунтазам равишда такомиллаштиришда, миқдорини оширмаган ҳолда қувватини кучайтириб боришда давом этмоқда.

Шунингдек, ядро қуролини чеклаш бўйича қатор икки томонлама шартномалар имзоланганига қарамай ядро клубига аъзо давлатлар бу шартномаларни четлаб ўтувчи ракетага қарши мудофаа тизими, бу тизимни ёриб ўтувчи тизим каби янги йўналишларда иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда қайси давлатларда ядро қуроли бор?

  1. АҚШ. Атом бомбасининг ўзига хос «ватани» (1945 йил). Бу йўналишда илк тадқиқотларни олиб борган, дастлабки синов портлашларни ўтказган ва бевосита жанговар тарзда қўллаган (Нагасаки ва Хиросима) ягона давлат;
  2. СССР/Россия. 1949 йилда АҚШ билан қуролланиш пойгасига киришган ва давом эттираётган, ўз ҳудудида қатор синовлар ўтказган;
  3. Буюк Британия, 1952 йилда бундай қуролга эга бўлган, ўзига тегишли оролларда синов ўтказган;
  4. Франция, 1960 йилдан атом бомбасига эга, Жазоир ҳудудида ўз қуролини синаб кўрган;
  5. Хитой, 1964 йил, ўз ҳудудида қатор синовлар ўтказган;
  6. Ҳиндистон, 1974 йил, синовлари бўйича тасдиқланган маълумотлар йўқ;          
  7. Покистон, 1998 йил тасдиқланган, синовлар ҳам шу йили ўтказилган;
  8. КХДР, 2006 йил, синовлар ўз ҳудудида ўтказилган ва ўтказилмоқда;
  9. Исроил, тахминан 1979 йилдан бери атом қуролига эга, лекин бу фактни ё рад этади, ё изоҳсиз қолдиради. Аммо атом қуролини ишлаб чиқишда яҳудий олимларнинг роли катталиги ва бошқа қатор фактлар ҳисобга олинса, Исроилда ядро қуроли бор дейиш мумкин.

Бундан ташқари, Беларусь, Украина ва Қозоғистон каби давлатларда ҳам СССР атом бомбалари сақланган. Бу давлатлар мазкур қуроллардан Россия фойдасига воз кечишган. ЖАРда ҳам 1979-1989 йилларда атом бомбаси бўлган, аммо ЖАР тинчлик учун атом бомбасидан бутунлай воз кечган илк давлатга айланган.

Албатта, бундай қуролнинг битта бўлиши ҳам кўп. Лекин 1963 йилда бу борада ўтказилган таҳлиллар тўртта давлатда атом бомбаси бўлгани ҳолда кейинги 10 йил ичида бундай давлатлар сони 15-25 тага (айрим маълумотларга кўра 50 тага) етиши тахмин қилинган. Аммо инсоният чиндан ҳам ўзини қисман жиловлаганининг исботи – бугунги кунда фақат 8 давлатда бу даҳшатли қурол сақланиб турибди.

"Ярс" ракета комплекси. © Валерий Шарифулин/ТАСС

АҚШ ва Россияда қандай вазият?

Бу икки державанинг умумий қуроллари олдида қолган барча давлатларнинг атом бомбалари аҳамиятини йўқотади. Қуролланиш пойгаси учига чиққан 1960-1990 йилларда АҚШда 30 мингдан ортиқ жанговар каллаклар ва уларни етказиб берувчи турли мосламалар (самолётлар, баллистик ракеталар, сув ости кемалари) бўлган.

СССР ҳам ўз рақибидан нафақат қолишмаган, балки ядро қуролларининг умумий сони бўйича анча илгарилаб ҳам кетган. Иттифоқ ихтиёрида бундай қуроллар сони 40 мингдан ортган ва бу давлат ҳам жанговар каллакни етказиб беришнинг барча усулларини ўзлаштирганди.

Қуролланиш пойгаси мана шу даражага чиққанидан кейингина икки давлат пойгани бу тарзда давом эттириш мантиқсизлигини англаб етади ва музокаралар столига қайта ўтиради. Горбачев ва Рейган томонидан имзоланган янги стратегик шартномага кўра ҳар икки давлат ядро бомбаларини кескин қисқартиришни ўз зиммасига олади. Тақдир ҳазили билан қачондир атом бомбаларини ишлаб чиқарган улкан заводлар энди ўша бомбаларни йўқ қилиш устида ишлай бошлайди.

Атом бомбасини қисқартириш ғояси фақат тинчлик ва эзгу мақсадлар учун туғилган, дейиш ҳам хато бўлади. Қуролланиш пойгаси давлатлар иқтисодини борган сари кўпроқ орқага торта бошлаганди. Айниқса СССР қарзларга кўмилиб борар, ҳарбий салоҳиятни сақлаб қолиш кун сайин қимматга тушаётганди.

Бугунги кун

Барча қисқартириш ва шартномалардан кейин ҳам бугунги кунда икки давлат ихтиёридаги умумий қуроллар инсониятни батамом йўқ қилиб ташлаш учун етарли. Сон жиҳатдан камайган бўлса-да, айрим қуроллар портлаш қуввати жиҳатидан Нагасакида қўлланган бомбага нисбатан 600 марта кучлироқдир.

2020 йил якунлари бўйича бу борадаги рақамлар янада қизиқ – бир йил давомида дунёдаги жанговар атом қуроллари сони 105 тага ошиб, 3825 тага етган. 2000 дан ортиғи тезкор ҳужумга шай ҳолатда ва уларнинг деярли барчаси Россия ва АҚШ ихтиёрида.

2021 йил ҳолатига кўра, АҚШда 3800 та каллаклар ва 800 та етказиб берувчи мосламалар мавжудлиги эълон қилинган. Бундан 1800 тасини тезкор тайёрлаш имконияти бўлса, 2000 таси сиёсий «сюрпризлар» бўлиши мумкинлиги учун сақлаб турилибди ва 2030 йилга қадар йўқ қилиниши режалаштирилган.

Пентагон ядро қуроли модернизация қилиш ва ишончлилигини таъминлаш бўйича беш йиллик режани амалга ошириш доирасида АҚШ Конгрессидан 167 млрд доллар ажратишни сўраган. АҚШ 2025 йилгача B61-12 модификациясидаги янги ядро авиабомбаларидан 480 дона ишлаб чиқаришини маълум қилган. Бу бомбаларни юқори баландликда учаётган самолётдан ташлаш мумкин. Бомба ташлангандан кейин нишон томон бир неча километр ўзи мустақил равишда ҳаракатлана олади.

2020 йилда АҚШ ядро қуролларига 37,4 млрд доллар, бутун дунёдаги мамлакатлар эса 72,6 млрд доллар сарфлаган. Хитой – 10,1 млрд доллар, Россия – 8 млрд, Буюк Британия – 6,2 млрд ва Франция – 5,7 млрд маблағни айнан мана шу қуролларни такомиллаштиришга ишлатгани дунё ҳали-бери атом васвасасидан воз кеча олмаслигини англатади.

Россия кам маблағ сарфласа-да, 1420 та ядро зарядини урушда қўллаш имкониятини ўзида сақлаб турибди. Бу давлатнинг 775 та етказувчиси шай ҳолатда.

«Бутун дунёда 14 мингга яқин ядро қуроли мавжуд. Инсоният ядровий ҳалокатга ҳамон жуда яқин турибди. Рақамлар кўрсатадики, бу борада ким кучлилиги бўйича тортишишда маъно йўқ. Бор эътибор буни исботлаб бўлмаслигига қаратилиши лозим.

Инсоният атом бомбасини бир марта қўллаш орқали даҳшатини ҳис қилиб бўлган. Бугунги кун назари билан қаралганда ўйинчоқдек туюладиган икки бомба Япониядек қудратли давлат учун унутилмас дардга айланган. Шунга қарамай одамзод бу даҳшатли қуролдан бутунлай воз кечиш учун ўзида куч топа олмаяпти», деган БМТ бош котиби Антонио Гутерриш Халқаро ядро қуролини тўлиқ йўқ қилиш учун курашиш кунида.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид