Ўзбекистон | 08:00 / 03.01.2022
7225
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга солиқ юки камайтирилади

Тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини камайтириш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Kun.uz

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Бунда, корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилади.

Шароити “оғир” бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 2031 йил 1 январгача маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўланади.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Деҳқонобод, Касби, Миришкор ва Нишон туманларида янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2025 йил 1 январга қадар айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади, фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўланади.

Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларида янги ташкил этиладиган тадбиркорлик  субъектларига 2025 йил 1 январга қадар айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади, фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўланади.

Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент, Оққўрғон, Бекобод туманларида янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2025 йил 1 январга қадар айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади, фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид