17:03 / 04.01.2022
11400

ИИВ оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 24 соат ишлайдиган колл-марказ очмоқда

10 январдан оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича “1259” қисқа рақамига қўнғироқ қилиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, профилактика инспекторлари ИИВга шикоятларини “1286” қисқа рақами орқали юбориш имконига эга бўлади.

Фото: ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти

10 январдан бошлаб ички ишлар тизимида кеча-ю кундуз фаолият юритадиган “Ишонч маркази” ишга туширилади. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га маълум қилди.

“Ишонч маркази” икки йўналишдаги мурожаатларни қабул қилиши режалаштирилган.

“Операторларимиз оилавий зўравонлик ҳолати бўйича фуқароларнинг хабарларини қабул қилиб олишади ва зудлик билан ижрога қаратишади. Бу кеча-ю кундуз хизмат кўрсатади, абонентга бирйўла ҳуқуқий маслаҳат, психологик ёрдам ва бошқа кўринишдаги амалий маслаҳатлар ҳам бериб борилади.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимлари учун эса дуч келаётган муаммолар бўйича алоҳида ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилмоқда, у ҳам кун-у тун, яъни 24/7 режимида ишлайди. Мутахассисларимиз жойлардаги ходимлардан келиб тушган мурожаатларни тезкорлик билан ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўришади. Мазкур йўналишдаги платформа Ўзбекистон учун ягона ҳисобланади”, дейди Бахтиёр Бердиалиев.

ИИВ мулозимига кўра, оилавий зўравонлик бўйича хабарлар “1259” қисқа рақами ёки 10 январдан фаоллаштириладиган Тelegram'даги махсус бот орқали қабул қилинади.

Оилавий зўравонлик ҳолати бўйича хабарлар деганда турмуш доирасида жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали кимнингдир ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)лар тўғрисида ёрдам кўрсатишни сўраб йўлланган хабарлар тушунилади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимлари “1286” қисқа телефон рақами ёки 10 январдан ишга тушириладиган Тelegram бот орқали процессуал-ҳуқуқий ёрдам ва соҳага оид маслаҳатлар олишлари ҳамда тизимда бўлаётган ҳолатлар юзасидан мурожаат, таклиф ва муаммоларини йўллаши мумкин.

Таъкидланишича, ҳар икки йўналишдаги мурожаатлар қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади, масъуллар мурожаат муаллифларига зудлик билан амалий ёрдам бериш тартибида иш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳри, Қува ҳамда Янгийўл туманларида маҳаллий ички ишлар органлари раҳбарлари профилактика инспекторларига қонунга зид топшириқлар беришаётгани, фуқароларни жаримага тортиш бўйича кунлик режа белгилаб берилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бу хабарларга изоҳ бераркан, Бахтиёр Бердиалиев “ишга янги келган ходимлар иштирокида айрим салбий ҳолатлар учраб турганини” таъкидлаган бўлса, вазирнинг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазирлик ноқонуний ҳаракат содир этгани исботланган ходимларнинг айбини яширмай, балки улардан қутулиш орқали тизим тозаланаётганини айтганди.

Top