17:26 / 09.01.2022
382662

«Питак» ўтмишда қоладими: BTS почта бизнесига саёҳат

Бу гал «Business Class» лойиҳаси Ўзбекистонда почта хизматини катта масштабдаги бизнесга айлантиришга муваффақ бўлган BTS компаниясига йўл олди. Бу компаниянинг бўлимлари, хизмат кўрсатиш турлари, мижозлардан буюртма олиниши-ю, уни охирги манзилгача етиб бориш жараёнини ичкаридан кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик.

BTS бош офисида компания асосчиси Беҳзод Жалолов компания тарихи, унинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бош омиллар ҳақида сўзлаб берди.

«BTS компаниясига 2009 йил февраль ойида асос солинган. Ўша пайтлари бошқа бизнес турлари билан шуғулланганман ва кўпчилик қатори вилоятлар ўртасидаги ҳужжат алмашишда муаммога дуч келардим. Тошкентдан Бухорога ёки Самарқандга товарлар, ҳужжатлар жўнатиш учун «питак»ка борилар ва маршрут бўйича қатновчилар орқали бериб юбориларди. Бундай вазиятда почтамиз ўз манзилига етмай қолиши, транспорт йўлда бузилиб қолиши одатий ҳол эди.

Шу каби муаммоларни ҳал қилиш учун чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда Бухоро-Тошкент Service (BTS) хизмат турини яратдик. BTS номининг келиб чиқиш тарихи Бухоро-Тошкент Service билан боғлиқ бўлса-да, уни кейинчалик Best Trance Solution’га алмаштирганмиз», – дейди у.

Беҳзод Жалолов

«Business Class» лойиҳасининг кульминацион нуқтаси – бу рақамлар ва нархлар экани кузатувчиларимиз учун яхши таниш. Шу боис, хизмат кўрсатиш нархлари, маошлар ва рақамлар ҳақидаги саволларга жавоб олдик.

Жараён давомида call-марказдаги қайноқ ҳолатни жонли кузатдик ва операторлар иши стрессли вазиятларга бой эканлигига гувоҳ бўлдик. Айнан шу стрессли ҳолатларни камайтириш учун ходимлар 1 кун ишлаб, 1 кун дам олиши таъминлаб берилган.

Буюртмага зарар етса, компания харажатларни қоплаб берадими?

Буюртмага зарар етса, BTS харажатларни қоплаб бериш-бермаслигига қизиқдик. Буюртма нархи олдиндан айтиб ўтилмаган бўлса компания етказиб беришга сарфланган маблағнинг 2 бараварини, буюртма нархи олдиндан айтилган тақдирда эса харажатлар тўлиқ қоплаб берилиши маълум бўлди.

BTS компанияси таркибида ички академия ҳам мавжуд экан. Компания сифат юқорилигини ходимлар иши билан боғлайди, шунинг учун ҳафтасига 4-5 марта тренинглар ўтказиб туради.

BTS раҳбари Беҳзод Жалолов мавжуд муаммолар ҳақида гапирар экан, ёнилғи нархи, транспорт, у билан боғлиқ харажатларга урғу қаратди. У бизнес бошламоқчи бўлган ёшларга сармоя билан боғлиқ муаммони фақатгина яхши ғояни инвесторга тақдим этиш орқали ечиш кераклиги, банкдан кредит олишга шошилмасликни маслаҳат берди.

Бизнесга оид рақамлар: ойлик маош, даромад, соф фойда ҳақида видеода батафсил маълумот берилган. Кўрсатувни YouTube’да тўлиқ томоша қилинг ва видео остига ўз фикрингизни қолдиринг! Энг қизиқарли ва креатив изоҳ эгаси деб топилган 10 кишига BTS хизматларидан бир марта бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади. Муддат – 2022 йилнинг 10 февралигача.

«Business Class»ни кузатиб боринг, келгуси сонлар пластик қадоқловчи  компания ва замонавий барбершоплар ҳақида бўлади.

Муаллифлар:
Элдор Воҳидов,
Афзалбек Муҳаммаджонов

Тасвирчилар:
Маҳмуд Солиев,
Нуриддин Нурсаидов

Монтаж устаси:
Хайриддин Айюб

BTS почта хизмати телефон рақамлари: 1230; +99871 207-08-09

Сайт: bts.uz/uz

Top