22:19 / 12.01.2022
4432

Ҳарбий қисм ва фермер хўжалиги ўртасидаги низога оид мақола юзасидан муносабат билдирилди

Kun.uz сайтида “Хоразмда ҳарбийлар тадбиркорнинг балиқ кўлини тортиб олганми?” номли мақола эълон қилинган эди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ мазкур мақола юзасидан расмий муносабат билдирди.

Мақолада келтирилишича, “Хоразм вилояти Янгиариқ туманида 10 йилдан бери тадбиркор фойдаланиб келган кўл 53008-ҳарбий қисмга олиб берилган. Қонун бўйича суд орқали олиниши керак бўлган ер ҳоким қарори билан қайтариб олинган”. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунининг 59-моддаси 1-қисмида Маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкинлиги белгиланган.

Қонуннинг 59-моддаси 2-қисмида, “Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш зарурияти қонунчиликдаги ўзгартишлар, жамоат манфаатларига бўлган таҳдиднинг олдини олиш, маъмурий ҳужжатнинг қонунчиликка номувофиқлиги аниқлангани сабабли юзага келган ҳолларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатни ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли”, — деб кўрсатилган.

Шунингдек, қонуннинг 59-моддаси 4-қисмида “Маъмурий ҳужжат қонунчиликка мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, у маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши керак”, — деб қатъий белгиланган.

Хоразм вилояти ер ресурслари ва давлат кадастрининг 2020 йил

18 ноябрдаги 2147-сонли тақдимномасига кўра “Янгиариқ охун” фермер хўжалигига ер ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2010 йил 3 декабрдаги 823/27-сонли қарори Ер кодексининг 23- ва 53-моддалари талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган, яъни ушбу қарор қонунчиликка мувофиқ эмас.

Ушбу қонун талабларига кўра, ҳоким ўзи қабул қилган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳуқуқига эга.

53008-ҳарбий қисм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 19 декабрдаги 534-сонли қарори билан ташкил этилган ва Янгиариқ тумани ҳокимининг 2007 йил 13 январдаги 14-сонли қарорига асосан туман ҳудудидан 3956 гектар ер майдонлари ажратилган ва ерга бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилиб, кадастр ҳужжатлари (ер харитаси) ишланган.

Фермер хўжалигининг мурожаатларига асосан ер майдони (кўл) кимга тегишлилиги борасида бир қатор текширувлар ўтказилган.

Хусусан, фермер хўжалигининг мурожаати ва Янгиариқ туман адлия бўлимининг топшириғига асосан дастлаб “Хорвилерлойиҳа” Хоразм вилояти бўлинмаси томонидан 2020 йил 21 декабрь куни текширув ўтказилган.

Текширув хулосасига кўра, Янгиариқ туман ҳокимлигига Хоразм вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан 2020 йил 18 ноябрдаги 1847-сонли тақдимнома асосли киритилганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддаси 2-хатбошисига кўра “Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш зарурияти қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлар, жамоат манфаатларига бўлган таҳдиднинг олдини олиш, маъмурий ҳужжатнинг қонун ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланганлиги сабабли юзага келган ҳолларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатни ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли. Туман ҳокимининг 1690қ-сонли қарори мазкур қонун талаблари асосида қабул қилинганлиги маълум қилинган”.

Бундан ташқари, ушбу жараёнга Хоразм вилояти прокуратураси томонидан Қорақалпоғистон Республикасидан алоҳида тартибда мутахассис чақиртирилган. Қорақалпоғистон Республикаси “Ерлойиҳа” бўлимининг мутахассиси томонидан 2021 йил 13 сентябрь куни Янгиариқ туман “Остона” қишлоғи ҳудудидаги кўл кимга тегишли эканлигига ойдинлик киритиш мақсадида текшириш ўтказилган ва Кадастр агентлиги Хоразм вилояти бошқармасининг 2020 йил 18 ноябрдаги 1847-сонли тақдимнома асосли бўлиб, 973-контурдаги кўл 53008-ҳарбий қисмга тегишлидир, деб хулоса берилган.

Шунингдек, Бош прокуратура томонидан тузилган ишчи гуруҳи фермер хўжалигининг мурожаатини жойига чиққан ҳолда ўрганиб, 2021 йил 18 октябрь куни маълумотнома тузган бўлиб, ушбу маълумотноманинг

10-бандида “Янгиариқ охун” фермер хўжалигига кўл майдони ажратилишида “Ер кодекси”нинг 53-моддаси ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси инобатга олинмасдан қонунга зид равишда ажратилган”, дея маълумотнома тузган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тузилган ишчи гуруҳи 2021 йилнинг 8-12 ноябрь кунлари фермернинг барча важларини жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқиб, 2021 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номига маълумотнома киритган.

Ушбу маълумотноманинг 9-бандида, фермер хўжалиги томонидан ишчи гуруҳга тақдим этилган харита қачон тайёрланганлиги номаълум ва кадастр агентлигида ушбу харита нусхаси мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Маълумот учун, Ер кодексининг 31-моддасида, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши белгиланган.

Ҳукумат ишчи гуруҳига 53008-ҳарбий қисм томонидан тақдим этилган кадастр ҳужжати давлат рўйхатидан ўтказилган ва нусхаси Кадастр агентлигининг Янгиариқ туман бўлимида сақланиб келинаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳужжатлардан кўринадики, фермернинг қўлидаги харита сохта бўлиб, расмий ҳужжат ҳисобланмайди. Ушбу харита судлар томонидан ҳам номақбул далил бўлгани учун инобатга олинмаган.

53008-ҳарбий қисм Урганч шаҳрида жойлашган бўлиб, ўз ўрнида юридик манзили ҳам шаҳарда ҳисобланади. Ерга оид низони кўриб чиққан суд ҳам (Урганч туманлараро маъмурий суди) Урганч шаҳрида жойлашган. Ерга оид низо Урганч шаҳрида судда кўриб чиқилганлиги боис, ишда прокурор сифатида Урганч шаҳар прокуратурасидан вакил иштирок этган.

Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 23 мартдаги қарори билан Ғ.Собировнинг шогирди Д.Очилов (Ғ.Собиров шаҳар судининг собиқ раиси бўлган даврда қўл остида ишлаган) ноқонуний қарор қабул қилганлиги учун ҳарбий қисм томонидан Урганч шаҳар прокурори номига протест киритиш учун ариза берилган ва аризага асосан протест киритилган.

Бош прокуратуранинг 2021 йил 30 октябрдаги протести юзасидан 2021 йил 30 ноябрь куни Олий судда бўлиб ўтган суд мажлисида ҳарбий қисм томонидан прокуратуранинг протестини рад қилувчи хулоса, ҳужжат ва қарорлар тақдим этилиб, протест асоссиз ва ёлғон маълумотлар асосида ёзилгани исботлаб берилгани учун Суд томонидан протест рад этилган.

Маълумот учун, Олий судда ушбу суд жараёнларининг видео тасвирлари ҳам мавжуд.

2021 йилнинг 13 май куни фермер хўжалиги раҳбари И.Собиров эмас, фермер хўжалиги юрисконсульти Ғ.Собиров ва унинг акаси Ф.Собиров хизмат вазифаларини бажараётган ҳарбий хизматчиларга қарата ўқ узиб, 2 нафар ҳарбий хизматчига тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан Ф.Собировга (фермер хўжалигига умуман алоқаси йўқ фуқаро) нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси 3-қисми ва 219-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилиниб, иш ҳужжатлари судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судининг 2021 йил

28 декабрдаги ҳукмига кўра, Ф.Собировга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан 3 йил муддатга озодлик чеклаш жазоси тайинланган, дейилади Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати Kun.uz’га тақдим этилган муносабатда.

Top