10:08 / 12.01.2022
1668

Жиззахда психотроп воситаларини ноқонуний сақлаётган шифокорлар ушланди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари психотроп воситаларини яшаш уйида ва хизмат хонасида ноқонуний сақлаб келган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ички ишлар органлари ходимлари томонидан Шароф Рашидов тумани “Саройлик” МФЙда яшовчи, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорининг хизмат хонаси кўздан кечирилганида у 0,2 грамм “Кетамин” ҳамда 0,01 грамм “Дизепам” психотроп дори воситаларини сақлаётгани аниқланган.

Мазкур тиббиёт муассасасининг яна бир шифокори, Зарбдор тумани “Янгибўстон” МФЙда яшовчи фуқаронинг хизмат хонасида эса 39 та шишадаги 0,39 грамм “Дизепам”, 1,6 грамм “Кетамин” ҳамда 18 та шишадаги 18 грамм “Оксибутират натрий” психотроп воситалари борлиги маълум бўлган.

Тезкор тадбирда ушбу шахснинг яшаш уйидан ҳам психотроп дори воситалари топилган. Ушбу қонунбузарликлар жамоада муҳокама қилиниб, сабаб ва оқибатлари айтилди. Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлашнинг тартиб-қоидалари яна бир бор тушунтирилган.

Top