Ўзбекистон | 22:12 / 15.01.2022
67386
3 дақиқада ўқилади

Кунига 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан тўлаш тўхтатилади

Аҳолини пиёда юришга рағбатлантиришнинг янги механизмига ўтилиши маълум қилинди. Эндиликда бир кунда камида 10 минг қадам юрган фуқаролар лотерея иштирокчисига айланади, ҳар ҳафта охирида жонли эфирда ўтказиладиган лотереяда ютган бир кишига 100 млн сўм ва минг кишига велосипед берилади.

Фото: KUN.UZ

16 январдан бошлаб, www.1hls.uz платформаси орқали бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга 3 минг сўм пул маблағи бериш тизими тўхтатилади.

Бу ҳақда маълум қилган Туризм ва спорт вазирлиги мазкур янгиликни пиёда юришга рағбатлантиришнинг янги механизмига ўтилаётгани билан изоҳлади.

Бироқ, кунига камида 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўм тўланиши ҳақидаги қоида президентнинг 2020 йилдаги фармонида белгиланган. Вазирлик фармон ижросини тўхтатишига асос бўлувчи президент ҳужжати қабул қилингани ҳақида эса бирор маълумот йўқ.

Туризм ва спорт вазирлигига кўра, бугунги кунгача www.1hls.uz платформасида рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар сони 1 миллион нафардан ошган.

“Аммо бу етарли ва кутилган натижа эмас. Дастлаб платформа ишга туширилганда қизиқувчилар ва рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони кўпайди, аммо вақт ўтгани сари фаоллик кескин пасайди ҳамда бугунги кунга келиб доимий равишда суткасига ўн минг қадам ва ундан кўпроқ юрувчи фуқаролар сони 3 баробарга камайди”, дея изоҳламоқда тизим бошқарувчиси.

Таъкидланишича, мутахассислар ва жамоатчилик таклифларига асосан, аҳолини янада кўпроқ кунлик юриш ва югуришга жалб қилиш мақсадида рағбатлантириш тизимини ўзгартириш, 3 минг сўм ўрнига каттароқ совринлар қўйиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинган.

Шунга мувофиқ, “Соғлом турмуш тарзи” платформасида қуйидагича тартибга ўтилади:

1) Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги аҳоли ўртасида, ҳар ҳафта якунлари бўйича, қуйидаги совринлар ўйналади:

  • 1 кишига 100 миллион сўм миқдорида пул мукофоти;
  • 1 000 кишига велосипед.

2) Ушбу совринлар ўйини ҳар ҳафта якунлари бўйича “Спорт” телеканалида жонли эфирда тасодифий танлаб олиш механизми орқали ўтказилади.

3) Шаффофлик ва холисликни таъминлаш, турли қинғир йўллар орқали сохта натижаларни қайд этишга йўл қўймаслик мақсадида жамоатчилик фаоллари, IT-мутахассислари, журналист ва блогерлардан иборат Жамоатчилик назорати кенгаши ташкил этилади ҳамда барча жараёнлар устидан қатъий назорат олиб борилади.

Бунда Жамоатчилик назорати кенгашига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев раислик қилади, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ҳамда блогер Никита Макаренко раис ўринбосарлари этиб белгиланди.

4) 15 январга қадар ушбу платформа орқали тегишли талабларни бажарган ва электрон ҳамёнига белгиланган маблағларни тўплаган барча фуқароларга ушбу тўловлар амалга ошириб берилади.

“Юқоридаги рағбатлантириш тизими ҳақидаги батафсил маълумотлар тез орада Туризм ва спорт вазирлигининг расмий саҳифаларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади”, дейилади расмий релизда.

Мавзуга оид