22:27 / 17.01.2022
68639

Бу кимнинг иши эди? — Нурободдаги «эски ноутбуклар» воқеаси тафсилотлари

Самарқандда «1 миллион дастурчи» IT танлови ғолиби бўлган мактаб ўқувчисига ишлатилган ноутбук берилгани тўғрисидаги воқеа ижтимоий тармоқларда кенг мунозараларга сабаб бўлди. Воқеа оқибатида туман ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилган, туман ХТБ мутахассиси ишдан олинган.

Kun.uz мухбирлари Нуробод туманида бўлиб, воқеа иштирокчиларига микрофон тутди.

Видеомурожаатдан скриншот

Маълум бўлишича, ёш IT’чилар танловининг туман босқичида ғолиб бўлган 41-мактаб ўқувчиси Сардор Сатторовдан ташқари яна икки ғолиб ўқувчига ҳам эски ноутбук совға тариқасида топширилган экан.

Устига-устак, Сардор Сатторовнинг видеомурожаати интернетда тарқалгач, якшанба куни ярим тун соат бирларда унга шошилинч алмаштириш учун олиб келинган иккинчи ноутбук ҳам эски бўлган.

Энди бу уч йигитга рағбат сифатида вилоят ҳокимлиги томонидан янги ноутбуклар берилди.

Биз воқеалар ривожи билан қизиқдик. Сардор Сатторов иштирок этган йўналишда синов ўтказган ТАТУ Самарқанд филиали вакили танловнинг ўтказилиши ҳақида қисқача тушунча берди.

Илҳом Бойназаров, ТАТУ Самарқанд филиали дастурий кафедра мудири, доцент

«Танловнинг вилоят босқичи ТАТУ Самарқанд филиали платформасида тест шаклида ўтказилди. Сардор Сатторов ҳам вилоят босқичида иштирок этган ва олимпиада талаблари бўйича баллар кетма-кетлигида 8-ўринни эгаллаган. Туман босқичида ҳам, вилоят босқичида ҳам совринли ўринни эгаллаганларга ноутбук, планшет ва телефон мукофот тариқасида топширилган», — дейди ТАТУ Самарқанд филиали дастурий кафедра мудири Илҳом Бойназаров.

Воқеа оқибатида ҳайфсан интизомий жазосига мубтало бўлган Нуробод туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддинов танлов ғолибларига ноутбук бериш низомда бўлмаганини айтди.

Наврўзбек Жалолиддинов, Нуробод туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари

«6 январ куни танловнинг туман босқичини ўтказганмиз, туман ҳокимлиги, ТХТБ ва ТАТУ Самарқанд филиали билан ҳамкорликда. 47 нафар иштирокчи орасидан белгиланган тартибда ғолиблар аниқланган. Биринчи ўринни эгаллаганларга ўша куни мукофот сифатида уяли телефон берганмиз. Ноутбук берилган. Туманда ноутбук берилмаган. Ноутбук вилоят босқичида топширилган, биз у жараёнга аралашганимиз йўқ», — дейди ҳоким ўринбосари.

Масала юзасидан ҳайфсан олгани ҳақида туман ҳокими ўринбосари шундай деди: «Қўлланган интизомий жазони ўринли деб биламан. Ташкилий масалага масъулиятсизлик билан қараганмиз».

Нуробод туман халқ таълими бўлими мудири Равшан Тўраев эса эски ноутбуклар ХТБ томонидан топширилганини тан олди.

Равшан Тўраев, Нуробод туман халқ таълими бўлими мудири

«Туманда ўтказилган танлов ғолибларига туман ҳокимлиги томонидан берилган совғалар — биринчи ўринни қўлга киритганларга қўл телефонлари, иккинчи ўрин эгаларига электр чойнак ва учинчи ўрин соҳибларига китоблар жамланмаси тақдим этилди.

10 январ куни вилоят босқичида бошқа туманда ғолиб бўлганларга компьютер топширилаётгани сабабли, биз ўзимизда фойдаланмасдан турилган ноутбукларни тўғри тушунтирган ҳолда, кейинроқ янгисини олиб берамиз, деб топширдик. Ноутбукларни туман ХТБ АКТ бўйича мутахассиси Аслиддин Дангалов Самарқанд шаҳрига олиб бориб топширган», — деди ТХТБ мудири Равшан Тўраев.

Маълум бўляптики, 6 январ куни туманда ғолиб бўлганларга телефон, электр чойнак ва дарсликлар топширилган. Болалар вилоят босқичида қатнашиш учун 10 январ куни Самарқанд шаҳрига боришганда, бошқа туманлар ғолибларга ноутбук топширишаётгани маълум бўлиб, зудлик билан тумандан ноутбук етказиш буюрилган. Шунда, бир четда турган эски ноутбуклар таксида Самарқандга шошилинч етказилган.

Масъуллар болаларга ноутбуклар эски экани, кейинроқ алмаштириб берилишини тушунтиришганини таъкидлашмоқда, болалар эса ноутбук эскилигини уйга келиб билишганини айтишди.

Ғолиб бўлган ўқувчилардан бирининг онаси бир ҳафта кутишганда ҳам ноутбук алмаштириб берилмагани, улар ҳам мурожаат қилиб чиқмоқчи бўлиб турганини билдирди. Бироқ Сардор Сатторовнинг видеомурожаати ортидан, қолган икки ўқувчига ҳам янги ноутбук топширилган.

Мазкур воқеа оқибатида туман халқ таълими бўлимининг АКТ бўйича мутахассиси Аслиддин Дангалов ишдан олинган.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ғозиев «ноутбук воқеаси» интернет орқали оламга тарқалганидан кўп ҳам хурсандмаслигини билдириб, ёш ўқувчиларнинг бу тарзда видеомурожаат қилиб чиқишини журналистлар олдида қоралаган.

«Болага тарбия бермоқчи бўлсак бундай йўналишни танламаслигимиз керак. Ҳар бир ота-она, журналист ва блогерларга тавсиям. Болага бу тарзда ҳақини ажратишнинг бундай «яхши» йўлларини ўргатадиган бўлсак, балким бола эртага йўлини топиб кетар, лекин бундай йўл билан ўз йўлини топишини оқламаган бўлардим», — деган Хуршид Ғозиев.

Ноутбук воқеаси хайрли якунлангандек. Вилоят ҳокимлиги томонидан уч ўқувчига янги ноутбуклар изланишда давом этишлари учун рағбат сифатида топширилган.

Фото: it-park.uz

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ёрдамида IT-Park делегацияси ҳам Нурободда бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан суҳбатлашган, уларда мотивация уйғотган. Шунингдек, мазкур ўқувчиларга туман IT-марказида Python ва IT English курсларида текин таълим олиш имконини тақдим этган.

Фото: it-park.uz

Ташриф ниҳоясида биз ўқувчиларни суҳбатга тортдик. Улар хурсанд. Воқеадан бироз тушкунликка тушиб қолган Сардор Сатторов эса ўзини қўллаб-қувватлаганларга ташаккур билдирди.

P/S: Нуробод туманида ёш ай-тичилар мусобақасини ўтказишда иш дарҳақиқат расво ташкил қилинган экан. 

Мақола эълон қилишга тайёрланаётган чоғда Нуробод туманидан яна битта мурожаат келиб тушди.

40-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Бекмуродова Барчиной Front and web дастурчи йўналишида Нуробод туманида 2-ўринни олган ва 6 январ куни унга уч дона китоб совға қилинган. Ҳолбуки, Нуробод туман ҳокими ўринбосари Наврўзбек Жалолиддинов 2-ўрин учун электр чойнак совға қилинганини айтганди (китоблар тўплами 3-ўрин эгасига берилган).

Сўнг 10 январ куни вилоят босқичидаги иштироки учун бошқа тумандан қатнашаётганлар қатори ҳамманинг кўз ўнгида унга планшет совға қилинган. Кейин ўша планшет қайтариб олиб қўйилибди...

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top