09:40 / 17.01.2022
2149

Навоийда акасининг ўлимига сабаб бўлган ука 5 йилга қамалди

Навоийда ўзаро жанжал оқибатида ўз акасини кетмон дастаси билан уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган укага суд ҳукми ўқилди. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълум қилинишича, 1990 йилда туғилган, Хатирчи туманида яшовчи Ш.О. 2021 йилнинг 4 август куни Навоий шаҳри Ёшлик маҳалласи ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектининг 3-қаватида акаси Э.О. билан бирга овқатланган. Ака-ука спиртли ичимлик истеъмол қилишган. Маст ҳолатда иш ҳақи масаласида улар ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Жанжал оқибатида Ш.О. шу ерда турган кетмон дастаси билан акасининг бош қисмига бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказади.

Э.О. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2021 йил 9 август куни касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси Ҳабибулла Тўхтаевга кўра, суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Навоий филиалининг 2021 йил 17 августдаги 137-сонли хулосасида марҳум Э.О.нинг танасида ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари борлиги ва бу жароҳатлар унинг ўлими сабаби билан бевосита боғлиқ эканлиги кўрсатилган.

Суд ҳукми билан Ш.О.га 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Навоийда эрини болта билан чопиб ўлдирган аёл 16 йилга қамалганди.

Top