Иқтисодиёт | 11:43 / 20.01.2022
17229
3 дақиқада ўқилади

2021 йилда муомаладаги нақд пул улуши 3 фоизга камайди 

Фото: Kun.uz

2021 йилда чакана товар айирбошлаш ҳажмининг 2020 йилга нисбатан 5,7 фоиздан 12 фоизга, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажмининг 3 фоиздан 19,2 фоизга ўсиши, шунингдек, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар оширилиши нақд пулга талаб ва таклиф шаклланишининг асосий омили бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки ҳисоботида айтилади.

Натижада, 2021 йилда банкларнинг нақд пул айланмаси ҳажми 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга ошиб, 507,2 трлн сўмни ташкил этди ва унинг таркибий тузилишида ўтган йилларга нисбатан ўзгаришлар кузатилмади. 

Нақд пул муомаласида банклар кассаларига тушумлар ҳажми 251,7 трлн сўмни, банк кассалари ва банкоматлардан нақд пул сарфи эса 255,5 трлн сўмни ташкил этади. 

2022 йил 1 январь ҳолатига муомаладаги нақд пулнинг умумий пул массасидаги улуши 20 фоизни ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 3 фоиз пунктига камайди. ЯИМга нисбатан эса улуш 4,1 фоиздан 3,9 фоизга қисқарди. 

Муомаладаги нақд пуллар таркибида катта номиналга эга бўлган банкноталар улушининг ўсиши ҳисобига банкнотларнинг умумий сони сезиларли даражада камайди. 

Хусусан, 2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида 100 000 сўмлик банкнотларнинг улуши 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 минг сўмлик банкнотларнинг улуши 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 000 сўм – 15,7 фоиздан 14,5 фоизгача, 5 минг сўм – 16,1 фоиздан 12,7 фоизгача, 1000 сўм – 2,1 фоиздан 1,4 фоизгача камайди. 2000 сўм (0,3 фоиз) ва 20 000 сўм (2,1 фоиз) янги турдаги банкноталар муомалага чиқарилди. 

Натижада, муомалага чиқарилган банкнотлар сони 492,4 миллион донага ёки 18 фоизга камайди. 

Муомаладаги банкнотлар сонининг камайиши аҳолига нақд пул ҳисоб-китобларида, банкларга эса касса операцияларида қулайлик яратиш, санаш, саралаш ва қадоқлаш жараёнларини осонлаштиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, 2021 йил давомида чакана савдода фойдаланиш учун ва аҳоли пунктларида пул маблағларини қайтариш (майда пул) сифатида тўлов хизматларини кўрсатиш учун 14,6 миллиард сўмлик янги тангалар қўшимча равишда муомалага чиқарилиб, уларнинг нақд пул таркибидаги улуши 0,16 фоизга етди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид